«Ўзбекгидроэнерго» Хитой компанияси билан Ўзбекистонда гидроагрегатларни ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолади
«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ҳамда Хитойнинг «Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.» компанияси ўртасида Ўзбекистонда умумий қуввати 2-15 МВт гача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Эндиликда қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатлар «Made in Uzbekistan» миллий бренди асосида маҳаллийлаштириш доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.

Бугун, 21 февраль куни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ҳамда Хитой Халқ Республикасининг «Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.» компанияси раҳбарияти бошчилигидаги делегация вакиллари иштирокида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказилди.
Тадбирда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда ХХРнинг «Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.» компанияси президенти Хе Сзяндун томонидан инновацион лойиҳалар асосида локализация ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур шартнома доирасида ХХРнинг гидроэнергетика соҳасида 60 йилдан ортиқ юқори тажрибага эга бўлган «Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.» компанияси билан изчил ҳамкорликда Ўзбекистонда Марказий Осиёда ягона бўлган қуввати 2-15 МВт гача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Қайд этилишича, хорижий компания нафақат республиканинг гидроэнергетика соҳаси учун гидроагрегатларни ишлаб чиқаради, балки эндиликда Ўзбекистон орқали қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа давлатлар учун ҳам гидроагрегатлар ишлаб чиқарилади. Мазкур ҳужжатга асосан, эндиликда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Хитойнинг «Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.» компанияси билан ҳамкорликда ҳар бир лойиҳа учун индивидуал ва эксклюзив бўлган гидроагрегатларни лойиҳалаштиради. Ушбу гидроагрегатлар «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг тизим ташкилоти ҳисобланган, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган «Энергоқурилишиндустрия» унитар корхонасидаги заводда ишлаб чиқарилади.

Таъкидланишича, меморандум ҳамда тегишли келишув доирасида Хитой компанияси томонидан 30 дан ортиқ муҳандис-инженерлар гидроагрегатларни ишлаб чиқариш жараёнида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тизимидаги «Энергоқурилишиндустрия» УК заводида фаолиятини давом эттиради.
Ушбу амалий ҳамкорлик доирасида юқори инновацион технологик қурилмаларнинг Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасида илк бор ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади ҳамда маҳаллийлаштириш доирасида келгуси истиқболда молиявий сарф-харажатларни иқтисод қилишга, сифатли ва замонавий стандартларга асосланган агрегатларни ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришга хизмат қилади.
Бунинг натижасида, хусусий сектор вакиллари учун қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилади. Жумладан, ГЭС қуриш борасида барча зарурий ускуналардан тортиб, 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни Ўзбекистондан арзон нархларда сотиб олиш имконияти мавжуд бўлади.
Аввалроқ «Ўзбекгидроэнерго» Ҳиндинстон компанияси билан инновацион гидроагрегатларни етказиш бўйича шартнома имзолангани ҳақида хабар берилганди.