«Ўзбекистон жиноий жазоларни либераллаштиришда ‘хавфли чизиқ’қа яқинлашди» — Адлия вазирлиги
Адлия вазирлиги жиноий жавобгарликнинг енгиллаштирилиши жиноятчилик ҳолатига қандай таъсир қилади, деган саволни кўтарди. Вазирлик матбуот хизмати бу борадаги таҳлилий материални эълон қилди.

Унда қайд этилишича, сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонда жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсати олиб борилган — бу билан Жиноят кодексининг аксарият моддалари оғирлиги пасайтирилган, бир қатор жиноятларда зарар қопланса, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш тақиқланган, жабрланувчи билан ярашган тақдирда жиноий жавобгарликдан қутулиш имконияти жорий этилган, шунингдек, амнистия ва охириги 5 йил ичида — жазодан шартли равишда озод қилиш кенг қўлланилган.
«Ўтган давр жамиятимиз ҳаётида — маҳаллаларимиз ва кўчаларимизда амалга оширилаётган бу сиёсатнинг амалий натижаларини баҳолаш имконини берди», дейилади Адлия вазирлиги материалида.
Статистикага кўра, жиноятлар сони ошмоқда. 2019 йилда 46,09 минг жиноят содир этилган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 34,6 фоизга ошиб, 62,08 мингни ташкил этган, 2021 йилда эса 60,8 фоизга сакраш қайд этилган (111,08 минг жиноят). Ўтган 2022 йил давомида вазият бир оз енгиллашган — 105,2 минг жиноят содир этилган.
Айниқса, босқинчилик ва талончилик (152 фоизга), ўғрилик (142 фоизга), фирибгарлик (134 фоизга), безорилик (93 фоизга) каби жиноятлар сони юқори суръатларда ошиб бормоқда.
Адлия вазирининг қайд этишича, ушбу фонда 2022 йил 9 ойи давомида 26,1 фоиз, 2021 йилда эса 47,9 фоиз жиноят ишлари судга оширилмаган. Таъкидланишича, бу жабрланувчилар ярашувга боргани тўғрисидаги ҳолатларни ўз ичига олмайди.
Суд муҳокамаси ва айблов ҳукми эълон қилинганидан сўнг кўплаб маҳкумлар жазони ўташдан шартли равишда озод қилинади ёки уларнинг жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Масалан, 2022 йилда 56,5 минг фуқаро судланган бўлса, параллель равишда 26,75 минг киши (нисбат — 47,3 фоиз) муддатидан олдин шартли равишда озод этилган, 10,2 минг шахснинг жазоси эса енгиллаштирилган (18,04 фоиз).
Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларида шахс жазонинг маълум қисмини ўташи шартлиги назарда тутилгани сабабли, аввалги йилларда судланган шахслар шартли равишда озод қилинади ёки жазо энгилроқ жазо билан алмаштирилади. Бунда улар жиноятнинг оғирлигига қараб 1/3 дан 2/3 гача жазо муддатини ўтаган, режимни бузмаган ва меҳнатга виждонан муносабатда бўлган бўлиши керак.
«Бироқ умуман олганда жиноий жазодан муддатидан олдин озод бўлиш ёки амалда уни енгиллаштириш имконияти жуда катта экани аниқ. Мавжуд вазият жиноят қурбонлари орасида жиддий норозиликни келтириб чиқармоқда: уларга етказилган зарар ундирилмайди, жиноятчилар эса озод», — дея таъкидлайди Адлия вазирлиги.
Бу эса ўз навбатида рецидивистлар сонининг ортишига олиб келади. Масалан, 2022 йилда содир этилган жиноятларнинг 11,4 мингтаси (12,6 фоиз) муқаддам судланганлар томонидан амалга оширилган, 2021 йилда бу кўрсаткич 8,7 минг кишини ташкил этган (10,8 фоиз). Шу билан бирга, 2022 йилда шартли равишда озодликдан маҳрум этилган рецидивистлар орасида 184 ҳолатда (2021 йилда — 168 та) фирибгарлик, ўғирлик, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар, талончилик ва талон-торожлик жиноятларини содир этилгани аниқланган.
«Айниқса, 2023 йил 31 январь куни Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизни зўрлаб, ўлдирган шахснинг жазо муддатидан олдин озодликка чиқади фожиали. Ушбу ҳолат маҳкумларни тўғирлаш йўналишлари зарурлигини очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Кўриб турганингиздек, амалга оширилаётган ислоҳотларни қайта кўриб чиқиш вақти келди, чунки жиноят назоратдан чиқиб кетиши, уюшган ва профессионал характерга айланиши мумкин бўлган хавфли чизиққа яқинлашдик», дейилади мақолада.
Адлия вазирлиги таҳлилчиларига кўра, вазиятни тўғирлашнинг йўлларидан бири шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроқ жазо билан алмаштириш шартларини қайта кўриб чиқиш.
Адлия вазирлиги бу борада хориж тажрибасини мисол қилиб келтирмоқда. Россияда масалан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий тажовуз борасидаги жиноятлар, гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаган шахслар жазо муддатининг 3/4 қисмини ўтаб бўлганидан кейин муддатидан олдин шартли озодликка чиқаришларини сўраб, мурожаат қилиши мумкин. Қозоғистонда ҳам худди шундай.
«Ушбу масалалар, бизнингча, жиддий профессионал ва жамоатчилик муҳокамасини талаб қилади», — дея хулоса қилди Адлия вазирлиги.
Мавзуга доир: Сенат Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маҳкумларни алмашиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди
Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Фарғонадаги қамоқхонада маҳкум вафот этганди. Шунингдек, Россия ва АҚШ ҳам ўзаро маҳбус алмашгани, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери қанча маҳкум озод қилингани, мамлакатда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилиши ва маҳкумларнинг кино ҳамда телекўрсатувлар кўриш ҳуқуқи аниқ белгиланаётгани ҳақида хабар берилганди.