Ўзбекистон Сурияга инсонпарварлик ёрдами юборди
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан 21 февраль куни Суриянинг зилзиладан жабр кўрган аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборилди, деб хабар беради ЎзА.

Қайд этилишича, 50 тоннага яқин юборилаётган инсонпарварлик ёрдами юки рўйхатига болалар ва катталар учун кийимлар, маиший техника воситалари, чидамли озиқ-овқат консервалари, қуруқ мевалар, ярим тайёр овқатлар, чақалоқлар бўтқаси, одёл ва ёстиқлар, гигиеник воситалар тўплами сингари ҳаётий зарур восита ва маҳсулотлар киритилган.
Инсонпарварлик юки ёрдами кўринишидаги ҳаётий зарур восита ва маҳсулотларни самолёт орқали Ўзбекистондан Сурияга Фавқулодда вазиятлар, Транспорт вазирликларининг масъул ходимлари етказиб беради.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 ва 7,4 балли зилзилалар қўшни Сурия шимоли-ғарбидаги ҳудудларга ҳам катта талафот етказди. 20 февраль куни кечқурун эса Туркия жанубида 6,4 ва 5,8 балли навбатдаги ер силкинишлари рўй берган ва яна Сурия шимолидаги ҳудудлар бундан зарар кўрган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 9 кишини қутқариб олди — видео
Аввалроқ Ўзбекистон ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчиларини жўнатгани, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакатда 7 кунлик мотам эълон қилгани тўғрисида хабар берилганди.