«Ўзбекистонга ёрдам бериш учун бор ресурсларимни йўналтираман» — Алишер Усмонов
Миллиардер ва Forbes рўйхатида 112-ўринда турувчи Алишер Усмонов Италиянинг Tgcom24 нашрига берган интервьюсида ўз саъй-ҳаракатлари ва маблағларини Ўзбекистонга йўналтиришини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда Усмонов Тошкентда яшаяпти. Тахминларга кўра, у уруш бошланганидан ва Европа Иттифоқи томонидан санкцияларга учрагандан кейин мамлакатга келган.
Алишер Усмонов интервью давомида Ўзбекистондаги учта турли давр гувоҳи бўлганини айтган. Биринчиси Совет Иттифоқи даври, иккинчиси — республика 1991 йилда мустақилликка эришганида, учинчиси эса ҳозирги — 2016 йилдан бошланган.
«Мен бор ресурс ва саъй-ҳаракатларимни Ўзбекистонга ёрдам бериш ҳамда мамлакат учун фойда келтиришга йўналтираман. Бу менинг энг катта мақсадим, бунинг учун бизнес бошқарувидан ва ҳатто кўплаб лойиҳаларим акциядори бўлишдан воз кечдим», — дейди Усмонов.
Усмонов ўзининг олигарх эканини бир неча бор рад этган бўлиб, бойлигини очиқ бозорда бизнес юритиш ортидан тўплаганини таъкидлаб келади.
«Мен ҳукуматдан ҳеч қачон совға олмаганман. Холдингимизда қилган барача ишларимиз бозор шароитида амалга оширилган», — дея қўшимча қилади бизнесмен.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга қарши санкцияларни олиб ташлашни сўрагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Европа Иттифоқининг Алишер Усмонов ва сингилларига нисбатан санкциялари бекор қилиниши мумкинлиги айтилган. Европа суди Алишер Усмоновнинг даъвосини рад этганди.
Кейинроқ The Financial Times Ўзбекистон Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга қарши санкцияларни бекор қилишни сўраётгани ҳақида ёзганди. Манбага кўра, санкциялар тадбиркорнинг Ўзбекистонга инвестиция киритишига халақит қилмоқда. Шунингдек, ҳукумат тадбиркорга юридик ёрдам кўрсатишга тайёрлиги маълум қилинган.
Ўз навбатида Speigel нашри Ўзбекистон Алишер Усмонов иши тергови сабаб Германия элчисини ТИВга чақиртирганини маълум қилганди. Икки мамлакат дипломатлари ушбу масалада қатор кризис учрашувларни ўтказган. Сентябрь охирида Германиянинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Германия ТИВ Reuters агентлигининг бу борадаги сўровига жавоб бермаган.
Бир неча кун олди Алишер Усмонов Германияда ўзига нисбатан айбловлар илгари сурилган мақолаларга раддия берилишига эришганди. Усмонов Германияда «пул ювиш», солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва Европа Иттифоқи санкцияларини бузишда айбланмоқда. Бироқ Berliner Zeitung нашрининг ёзишича, немис расмийларининг бу даъволари бўйича жамоатчиликка ҳали ҳеч қандай далил тақдим этилмаган.
Тадбиркорнинг ўзи Германиядаги кўчмас мулк эгаси эмаслигини таъкидлаб, барча айбловларни дарҳол рад этган. У юқорида тилга олинган объектлардан ижара асосида фойдаланган.