Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
Тошкент—Ўш автойўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида 24−26 февраль кунлари қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 15−20 метр/секундгача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

21−28 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгаришлари сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида, жумладан:
- Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз туманларида;
- Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Бойсун туманларида;
- Самарқанд вилояти: Самарқанд, Ургут туманларида;
- Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал туманларида;
- Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг «Чимён» тоғларида;
- Наманган вилояти: Поп туманида;
- Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида қор кўчиш хавфи эълон қилинади.
Тоғли худудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли худудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришлари сўралган.
Эслатиб ўтамиз, февраль бошида ноқулай об-ҳаво сабаб Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони худудида ҳамда М-39 Тошкент—Шаҳрисабз—Термиз автойўлининг Тахтақорача (Китоб) довонидан ўтган қисмида қор ёққан, шунингдек, туман тушиши натижасида йўлларда кўринувчанлик 50 метргача қисқарган эди. 16 февралда эса Қамчиқ довонида қор кўчкиси содир бўлган ва довондан ўтувчи автомобиль йўлида ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилганди.