Ўзбекистоннинг очиқ маълумотлар бўйича жаҳондаги ўрни маълум бўлди
Ўзбекистон Open Data Watch ташкилотининг Open Data Inventory очиқ маълумотлар рейтингида 66 балл билан жаҳон миқёсида 40-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2020–2022 йиллар оралиғида Ўзбекистон умумий балл маълумотлар қамрови (data coverage) бўйича натижалари 52 баллдан 56 баллга, шунингдек, маълумотларнинг очиқлиги бўйича эса 72 баллдан 74 баллга кўтарилган.
Рейтингда Ўзбекистон ўрни яхшиланишига жиноят ва одил судлов, давлат бюджети субиндитикаторлардаги сезиларли ўсишлар сабаб бўлди. Хусусан, давлат харидлари жараёнлари рақамалаштирилиб, онлайн платформалар орқали амалга ошириш тизими яратилгани, суд тизимидаги жараёнлар рақамлаштирилгани, очиқлиги таъминланаётгани эътиборга олинган.
Бундан ташқари, ушбу рейтингнинг 2022 йилги натижаларига кўра, биринчи ўринни Сингапур эгаллаган. Кейинги поғоналарни мос равишда Дания ва Финляндия банд этган. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 48-ўрин, Қирғизистон 89-ўрин, Тожикистон 120-ўрин, Туркманистон эса 192 ўринларда қайд этилган.
Маълумот учун, The Open Data Inventory рейтинги эса мамлакатнинг статистик таклифлари қанчалик тўлиқлигини ва улардаги маълумотлар халқаро очиқлик стандартига мос келишини баҳолайди.
Мавзуга доир: Ўзбекистон демократия рейтингида 149-ўринни эгаллади
Аввалроқ Ўзбекистон паспортининг жаҳон рейтингидаги ўрни маълум бўлганди. Мамлакат фуқаролари 25 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин, шунингдек, 44 та давлатга келгандан сўнг виза расмийлаштириш керак бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон мобил интернет нархи бўйича жаҳон рейтингида кўтарилгани тўғрисида хабар берилганди.