«Ўзтрансгаз» 2022 йилда давлат бюджети ва турли фондларга 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ тўлади
«Ўзтрансгаз» АЖ давлат ва жамият олдидаги мажбуриятини бажариш мақсадида давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондларга 3 триллион сўмдан ортиқ маблағ тўлади. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ўзтрансгаз» АЖ 2022 йилда ишлаб чиқариш жараёнлари учун импорт қилинувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ҳамда янги инфратузилмалар барпо қилиш ҳамда мавжудларини капитал таъмирлаш, хорижий инвестициялар жалб қилиш борасида қатор ишларни амалга оширган.

Хусусан, тизим корхоналарида 623,7 миллион сўмлик 31,5 тонна УОНИ 13/55 маркали электрод ишлаб чиқарилиб, режа 105,9 фоизга бажарилган.

Шунингдек, тизимда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш орқали энергия захираларини иқтисод қилиш мақсадида жамиятнинг 17 та объектига умумий қуввати 408 киловатт/соат бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, 650 та ҳаракатни сезувчи датчик ва 2235 та қуёш панеллари билан жиҳозланган ёритгич ўрнатилди. Умумий ҳажми 30 500 литр бўлган 157 дона қуёш сув иситиш қурилмаси иссиқ сув таъминотини яхшиламоқда. Натижада 2022 йилда 865 миллион киловатт/соат электр энергияси иқтисод қилган.

Шу билан бирга, хорижий компаниялар иштирокида жалб қилинган сармоялар ҳажми 268,7 миллион долларни ташкил этди. Бу билан хорижий инвестиция жалб этиш бўйича йиллик режа 161 фоизга адо этилди. Бундан ташқари, республиканинг магистраль газ транспорт тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастури доирасида 511 километр магистраль газ қувур қурилиши, 10 та газ ҳайдаш агрегатини модернизация қилиш кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 485,9 миллион долларни ташкил қилади. 2022 йилда лойиҳа доирасида 490,8 километр пўлат қувур етказилган бўлиб, шундан 387,6 километр қувур пайвандланган. 156,5 километр қувур реконструкция қилиниб, 221,8 километр янги магистраль тармоқ тортилди. 9,3 километр қувур тармоғи капитал таъмирланди.


«‘Ўзтрансгаз’ давлат ва жамият олдидаги мажбуриятини бажариш мақсадида давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондларга жами 3 триллион 23 миллиард 199 миллион 500 минг сўм пул маблағ тўлаб берди. Шу билан бирга, тизим корхоналарида 144 та янги иш ўрни яратилди. Айни дамда жамият тизимида 8300 дан ортиқ ишчи-ходим хизмат қилади», дейилади хабарда.
