Шавкат Мирзиёев Миср цивилизацияси миллий музейи билан танишди — фото
Расмий ташриф билан Қоҳирада бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Миср цивилизацияси миллий музейига ташриф буюрди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Ҳозирда Қоҳиранинг таркибига кирган қадимий Фустат шаҳрида жойлашган музей Мисрнинг бой тарихидан ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар тўпламига эга. Бу ерда қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган 50 мингдан ортиқ ашёлар, жумладан, фиръавнлар мўмиёлари, ҳукмдорлар тахтлари ва ҳайкаллари, заргарлик буюмлари, шунингдек, уй-рўзғор ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмага қўйилган.
Давлат раҳбари экспозициянинг Қадимги, Ўрта ва Янги ҳукмдорлик, юнон, Ўрта аср ва ислом даврларига оид қатор хронологик ва тематик бўлимлари билан танишган.


Президент Миср заминида бир-бирини алмашлаб келган турли цивилизацияларнинг ёдгорликларини катта қизиқиш билан кўздан кечириб, тарих ва маданият бирдек буюк меросга эга икки халқни яқинлаштиришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлаган.

Миср томони вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига музейга ташриф учун миннатдорлик билдириб, халқларни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар кўплиги, бу дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлаган.
«Шу маънода, икки мамлакат музейлари ва тарихчилари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий меросимизни биргаликда ўрганиш, ўзаро кўргазмалар, маданият кунларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди», дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев музейнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Қоҳирага боргани, Президент 2007 йилда Миқёси Нил яқинидаги хиёбонда Аҳмад Фарғонийга ўрнатилган ҳайкал пойига гулчамбар қўйиб, мутафаккирнинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани ҳақида хабар берилганди.