Тошкентда 7 та вилоят ҳокимликларига меҳмонхона қуриш учун ер ажратилади
Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов 21 февраль куни пойтахт ҳудудидан 7 та вилоят ҳокимликларига меҳмонхона қуриш учун ер ажратиш бўйича қарорлар чиқарди.

Унга кўра, Наманган, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Сирдарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг ҳар бирига меҳмонхона қуриш учун Мирзо Улуғбек тумани «Чингелди» МФЙ ҳудудида жойлашган аҳоли пункти ерларидан 0,32 гектар майдон ажратилади.
Ушбу қарор «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги қарори билан тасдиқланган «Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишгаажратишнинг маъмурий регламенти»га мувофиқ ҳамда Президент қарорини инобатга олган ҳолда қабул қилингани келтириб ўтилган.
Маълумот учун, ажратилиши белгиланган ушбу «Чингелди» маҳалласи аввал Тошкент вилояти Қибрай туманига қарашли бўлган, 2021 йил май ойида 20 та маҳалла қаторида Тошкент шаҳри таркибига ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда оилавий меҳмонхоналарни кўпайтириш учун 2022 йил якунигача қўшимча 500 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинганди. Шунингдек, 1 апрелга қадар Корея тажрибаси асосида 135 та туризм маҳалласини тадбиркорларга бошқарувга бериб, уларни тематик туризм қишлоқларига айлантириш топширилган.