Самарқанд халқаро технология университети SUN’га аъзо ОТМлар билан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилади
Дубайда бўлиб ўтган Ипак йўли университетлари тармоғи (Silk Road Universities Network — SUN)га аъзо олий таълим муассасаларининг VIII Бош Ассамблеясида Ўзбекистондан Самарқанд халқаро технология университети (СХТУ) иштирок этди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 13–15 февраль кунлари СХТУ ректори, профессор Юсуф Абдуллаев Дубай шаҳридаги Канада университетида ташкил этилган SUN’га аъзо олий таълим муассасаларининг VIII Бош Ассамблеясида иштирок этган. СХТУ 2022 йилнинг ноябрь ойида дунёнинг 28 давлатидан 82 та университетни ўз ичига олган ушбу тармоққа аъзо бўлган.
Тадбирга Греция, Жанубий Корея, Туркия, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Малайзия, Мўғулистон, Ҳиндистон, Италия, Германия ва бошқа давлатларнинг олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этди.

Хабарга кўра, Ассамблеянинг очилишида Юсуф Абдуллаев Ўзбекистоннинг янги университети ҳақида тақдимот қилди. Конференция доирасида, шунингдек, Ипак йўли университетлари тармоғига аъзо бўлган олий таълим муассасалари билан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Бош Ассамблея билан бевосита боғлиқ бўлган тадбирлардан ташқари, ташкилотчилар маданий дастур тайёрлади, унда иштирокчилар Дубайнинг асосий диққатга сазовор жойларини кўришга ва маҳаллий маданият билан танишишга муваффақ бўлди.

Хизмат сафари давомида профессор Абдуллаев Глобал (умумжаҳон) толерантлик ва тинчлик кенгаши президенти Аҳмед Бин Моҳамед Алжарван билан учрашиб, у билан ёшларни бағрикенглик руҳида тарбиялаш, тинчлик ва инсоният тараққиёти, барқарорлик манфаатлари йўлида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Маълумот учун, Самарқанд халқаро технология университети Васийлик кенгашига ERIELL Group бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов раҳбарлик қилади.