Бугун оқшоми. Ўзбекистонда содир бўлган зилзилалар, вабо сабабли Қозоғистонда кучайтирилган назорат ҳамда «исталган вақтда» қулаб тушиши мумкинлиги айтилган Истанбул
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида зилзила содир бўлди. Тожикистоннинг ўзида бир кунда 9 марта ер қимирлаши кузатилди

Тожикистонда 23 февраль куни Тошкент вақти билан соат 05:37 да кузатилган 5,8 балли зилзила кучи Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ҳам сезилди. Ер силкинишининг эпицентр маркази Тошкентдан 435 километр жанубий-шарқда қайд қилинган. Ўзбекистон бўйлаб ер қимирлашининг кучи 3-4 баллни ташкил этган. Бундан ташқари, шу кунни ўзида яна Тошкент вақти билан соат 16:24 да Тожикистон ҳудудида магнитудаси 5 балли бўлган зилзила содир бўлди. Бу галги ер қимирлаши олдингисидан фарқли равишда Ўзбекистоннинг иккита ҳудуди — Фарғона ва Андижон вилоятларида сезилган. Маълумот учун, 23 февраль куни Тожикистоннинг ўзидан 9 та ер силкиниши кузатилди.
Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимлари кириб келишни бошлайди

Ўзбекистонга 24 февралдан бошлаб Россия ҳудудларида шаклланган нам ҳаво массалари кириб келишни бошлайди. «Ўзгидромет» хабарига кўра, республиканинг барча ҳудудларига эса 25–26 февраль кунлари Россиянинг Европа қисмидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади. Натижада 24 февраль куни Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳамда 25 февраль куни республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир ва қор) кузатилади. Ҳарорат эса 25–26 февраль кунлари кечаси 0–5 даражагача совуқ, республика шимолида эса 5–10 даражагача совуқ, кундуз кунлари 0–5 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда.
Тошкент вилоятида бола ўғрилари пайдо бўлгани айтилди

Тошкент вилояти ИИББ ижтимоий тармоқларда вилоятда бола ўғрилари пайдо бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Аниқланишича, тармоқларда тарқалган видеоларда 20 февраль куни 3 нафар аёл ҳашаротларга қарши дори воситаларини сотиш мақсадида Оҳангарон шаҳрига борган. Жараёнда уларнинг хатти-ҳаракатидан маҳаллий аҳоли шубҳаланиб (аёллар бола ўғирлашмоқчи изоҳи билан видеога олиб), ҳудудий ИИБга хабар берган. Натижада аёлларнинг шахсига аниқлик киритилган ҳамда уларнинг фаолиятини ўрганиш учун Солиқ қўмитаси жалб қилинган.
Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларга «ижара пули» ипотека уйлари топширилгунга қадар бериладиган бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан илгари турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳарбий хизматчиларга пул компенсациясини тўлаш турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бўйича ўтказилган кундан бошлаб тўлиқ 12 ой ўтгандан кейин тўхтатиладиган дастлабки бадал эндиликда тўловлар уй-жой белгиланган тартибда фойдаланишга топширилгунга қадар тўланади. Бундан ташқари, компенсация олиш учун ҳарбий хизматчилар ўзининг ва турмуш ўртоғининг номида шахсий турар жой мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиши лозим.
Россиядан Ўзбекистонга келаётган йўловчи автобус ағдарилиб кетди

Россиянинг Оренбург вилояти Оренбург—Қозон трассасида салонида 29 нафар йўловчи бўлган автобус 23 февраль куни ҳайдовчининг ҳаракат вақтида бошқарувни йўқотиб, ариққа ағдарилиб кетиши оқибатида ЙТҲга учради. Маълумотларга кўра, дастлаб Россия ФВВ йўловчиларни маҳаллий маданият уйига жойлаштиради ва тиббий кўрикдан ўтказади. Кўрикдан сўнг йўловчилар бошқа автобусда ҳаракатланишни давом эттирган. Автобус Қозоғистонда рўйхатга олинган, буюртма асосида Кострома—Чимкент йўналиши бўйича йўловчиларни олиб кетаётган бўлган.
Шунингдек, бошқа хабарлар:
- Тошкентда кўп қаватли уй ертўласи ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани аниқланди;
- Ўзбекистонда меҳмонхоналар никоҳ гувоҳномаси талаб қилишга ҳақли эмас — «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази»;
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси яна кўтарилди.
Хўш, дунёда нима гап?
Қозоғистон чегарасида вабо туфайли назорат кучайтирилди

Қозоғистон бошқа давлатларда вабо тарқалиши муносабати билан чегараларидаги назоратни кучайтирди. Мамлакат Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси юқумли касалликларни кузатиш эпидемиологик бошқармаси раҳбари Роза Кожапованинг айтишича, озоғистон бўйича айтадиган бўлсак, маҳаллий ҳолатда вабо охирги 10 йилда қайд этилмаган. Бироқ унинг сўзларига кўра, қатор давлатларда вабо ҳолатлари қайд этилмоқда, шу сабабли ҳам Қозоғистон чегарасида назоратлар ўтказиляпти.
Туркияда зилзила сабабли 6 февралдан буён қурилишларга алоқадор 564 нафар шахс қўлга олинди. Ер силкиниши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 42,3 минг кишидан ошди

Туркияда 6 февраль куни содир бўлган зилзилалардан кейин қулаган турар жой бинолари қурилишига бошчилик қилган 160 киши ҳибсга олинди. Бундан ташқари, зилзила содир бўлган ҳудудларда прокуратура органларининг тегишли қарори билан 6 февралдан бери вайрон бўлган бинолар қурилишига алоқадорликда гумон қилинган жами 564 нафар шахс қўлга олинган. Туркия Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатларга қарши курашиш бошқармаси маълумотларига кўра, 6 февраль куни содир бўлган зилзилла оқибатида ҳалок бўлганлар сони 42 310 кишига етган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Туркияда зилзилалардан кейин мамлакат бўйлаб камида 500 мингта янги уй қурилиши керак. Экспертларининг қайд этишича, табиий офат оқибатида 1,5 миллион одам бошпанасиз қолган.
Шуниингдек, Истанбулда тезкор сканерлар усули ёрдамида қулаб тушиш хавфи бўлган уйларни бузиб ташлаш бошланди. Шаҳар мэри Экрем Имамўғлунинг айтишича, ушбу жараённи тезлаштириш ва рағбатлантириш учун хавфли бинолардаги квартираларга қўшимча 4,5 минг лира ажратилади. Истанбулда зилзила вақтида қулаб тушиши мумкин бўлган 318 та бино аниқланган. Уларда 10 минг инсон истиқомат қилади.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.