Ўзбекистон Туркия билан имтиёзли савдо соҳасида ҳамкорлик қилади
Шавкат Мирзиёев Туркия билан «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Унга мувофиқ, эндиликда 2 давлат имтиёзли савдо соҳасида ҳамкорлик қилади, бу бўйича битим тасдиқланди. Мазкур битим 2022 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида имзоланган.
Ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Божхона қўмитаси масъул бўлади. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенат Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳарбий келишувни маъқуллагани, шунингдек, Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзолангани ҳақида хабар берилганди.