Ўзбекистонда меҳмонхоналар никоҳ гувоҳномаси талаб қилишга ҳақли эмас — «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази»
Ўзбекистонда меҳмонхоналар доимий яшаш жойи ва никоҳ гувоҳномаси талаб қилишга ҳақли эмас, дейилади «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ахборот хизмати эслатмасида.
Қайд қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга асосан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган. Низомнинг 5-бандига кўра, меҳмонхона хизматлари доимий яшаш жойи, фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
«Шуни таъкидлаш жоизки, меҳмонхона хизматларини тақдим қилувчи тадбиркорлик субъектлари ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқиши лозим. Ишлаб чиқилган ички тартиб қоидалари юқоридаги низом талабларига зид бўлмаслиги керак», дейилади хабарда.
Туризм хизматларини сертификатлаш маркази қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июндаги 389-сон қарори билан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эгасининг шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилди. Меҳмонхоналар янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилганда хизматларини кўрсатишни рад этишга ҳақли эмас.
Аввалроқ Тошкент ИИББ фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, уларнинг ҳаётига аралашиб, чекиш билан боғлиқ шахсий диний ёндашувларига асосланиб тушунтириш олиб борган блогер БҲМнинг 20 баробари миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди.