Оҳангаронда бола ўғрилари ушлангани рад этилди
Тошкент вилояти ИИББ Оҳангаронда бола ўғрилари ушлангани ҳақидаги хабарларни рад этиб, маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Аниқланишича, 20 февраль куни 3 нафар аёл ҳашаротларга қарши дори воситаларини сотиш мақсадида Оҳангарон шаҳрига борган. Жараёнда уларнинг хатти-ҳаракатидан маҳаллий аҳоли шубҳаланиб (аёллар бола ўғирлашмоқчи изоҳи билан видеога олиб), ҳудудий ИИБга хабар берган, дейилади хабарда.
ИИБ ходимлари аёлларнинг шахсига аниқлик киритиб (1985 йилда туғилган Д.Ш. ва М.К. ҳамда Д.Қ. — Тошкент шаҳрида яшовчилар), уларнинг фаолиятини ўрганиш учун Солиқ қўмитасини жалб қилган.
Маълумот учун, аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Оҳангаронда бола ўғрилари ушландими?» сарлавҳаси билан қатор видеолар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда бола ўғрилари ҳақидаги хабар рад этилгани, қизлар йўқолаётгани ҳақидаги маълумот ёлғонлиги, шунингдек, бола ўғрилари ҳақида тарқалаётган хабарларни асоссиз деб айтилгани ҳақида хабар берилганди.
Бироқ ижтимоий тармоқларда Тошкентда номаълум шахс болани қўлидан тортиб, мактаб ҳудудидан судраб олиб кетмоқчи бўлгани акс этган видеолар ҳам тарқалганди. Ҳолат бўйича пойтахт ИИББ маълумот бериб, эркак жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида майда безорилик қилган деб топилиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.