Қорақалпоғистон прокуратураси 3 ёшли боланинг вафоти юзасидан маълумот берди
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган Нукус шаҳрида болалар лапшадан заҳарлангани тўғрисидаги хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, 27 январь куни соат 08:40 да 2020 йилда туғилган вояга етмаган М.А. ва унинг 2004 йилда туғилган акаси Б.Б. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудий филиалига заҳарланиш ташхиси билан тушган.
Кўрсатилган шошилинч тиббий ёрдамга қарамасдан вояга етмаган М.А. шу куни шифохонада вафот этган, унинг акаси Б.Б. кўрсатилган тиббий муолажалардан кейин соғайиб, 30 январда уйига рухсат берилган.
Вояга етмаган Б.Б. касалхонада шифокорларга 25 январь куни озиқ-овқат дўконидан тез тайёрланадиган лапша сотиб олиб, укаси билан бирга истеъмол қилганини маълум қилган. Мазкур маълумотларнинг ҳаққонийлиги қонунда белгиланган тартибда текширилмасдан туриб, 28 январь ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрида «Болалар лапшадан заҳарланган» деган мазмунда нотўғри хабарлар тарқатилган.
«Ваҳоланки, прокуратура органлари томонидан тегишли мутахассислар иштирокида ўтказилган текширишда озиқ-овқат дўконида сотувга қўйилган лапша маҳсулотлари мувофиқлик сертификатига эга бўлиб, улар таркибида токсик элементлар аниқланмаган», дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат бўйича 27 январда Нукус шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида заҳарланган фуқаролар хонадони кўздан кечирилганда, омборхонасида сақланаётган қопда ўткир ҳидли модда борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, М.А.нинг ўлими органофосфор бирикмаси (сиперметрин) билан ўткир заҳарланиш ва нафас олиш етишмовчилигидан келиб чиққани, қонида топилган сиперметрин моддаси марҳумнинг уйидан ашёвий далил тариқасида олинган модда таркиби билан бир хил экани аниқланган.
Вояга етмаган Б.Б.га нисбатан ўтказилган экспертиза хулосасида ҳам, у айнан сиперметрин моддаси таъсирида заҳарлангани кўрсатилган.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2014 йил 29 апрелдаги 103-сонли бўйриғига кўра, сиперметрин ўсимликларни заркунандалардан ҳимоя қилиш воситаси сифатида фойдаланишга рухсат этилган.
Ҳолат юзасидан вояга етмаган Б.Б. ўз кўрсатмасида отаси Қ.Б.нинг кўрсатмасига асосан, 25 январь куни уйининг ички қисми ва атрофига кемирувчиларга қарши ўткир ҳидли моддани сепиб чиққанини баён қилган.
Терговга қадар текширув давомида хонадон эгаси Қ.Б. ўғли Б.Б.нинг кўрсатмаларини тасдиқлаб, ўғли сепганидан кейин қолган моддаларни қопи билан омборхонасига сақлаш учун қўйганини баён қилиб, ҳолат юзасидан ҳеч кимга эътирози йўқлигини билдирган. Терговга қадар текширув натижасига кўра, 22 февраль куни жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида бир оиланинг 4 нафар аъзоси овқатдан заҳарланиб, вафот этгани, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 13-сонли давлат мактабгача таълим массасасининг 20 нафардан ортиқ тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги боғчада болалар оммавий заҳарлангани юзасидан 6 кишига айблов эълон қилингани, Тошкент вилоятидаги боғчада болалар оммавий заҳарлангани юзасидан қўшимча маълумот берилгани, бош прокурор ҳолатни назоратга олгани ва заҳарланган уч нафар бола ўрта оғир аҳволда экани хабар қилинган.