Самарқандда меҳмонхона 7,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди
Самарқанд шаҳар Сўғдиёна мавзесида фаолият юритаётган корхона 7,6 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари давомида Сўғдиёна мавзесида фаолият юритаётган D.S.A. корхонаси электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Хусусан, ушбу тадбиркорлик субъектига тегишли меҳмонхонада яширинча ўрнатилган ускуна орқали электр ҳисоблаш тизимига ташқи таъсир кўрсатилган. Оқибатда 16,9 миллион киловатт/соат электр энергияси ўғирланган. Корхонага нисбатан 7,6 миллиард сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилган.
Ушбу ҳажмдаги электр энергияси 85 мингта хонадоннинг бир ойлик ўртача истеъмолини ташкил қилади.
Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Мавзуга доир: Сурхондарёда ғишт заводининг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишига шароит яратиб берилгани аниқланди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири энерготизимда режали чекловлар киритилмаса, Ўзбекистон жиддий талафот кўриши мумкинлигини айтгани, Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилгани, Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига метан газ қуйиш тақиқлангани ҳамда Тошкентдаги кўча чироқларини ўчириш бошлангач қанча электр энергияси тежалаётгани ҳақида хабар берилганди.