Москвада минглаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар норозилик намойиши уюштирди
Москвада Crocus Group’нинг минглаб ишчи-мигрантлари оммавий норозилик намойиши уюштирди. Current Time TV’нинг хабар беришича, уларга 4 ойдан бери компания томонидан ойлик маошлари берилмаяпти.

Телеканалга кўра, намойишчиларни тарқатиш учун қўриқчилар травматик қуроллардан ҳавога ўқ узган.
Ташқи меҳнат мигранцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, мазкур ҳолат 2023 йил 22 февраль куни компаниянинг қурилиш майдончасида содир бўлган.
Иш ҳақининг ўз вақтида тўланмагани сабабли уюштирилган норозилик ҳаракати оқибатида иш берувчилар ва мигрантлар ўртасида жисмоний куч ишлатилган. Шундан сўнг корхона раҳбарияти фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ишлаган барча маошларини тўлаб беришга ваъда берган.
«Ушбу ҳолатда жароҳат олганлар ва ҳибсга олинганлар ўртасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ», дейилади агентлик хабарида.
Crocus Group — Россияда чакана ва кўргазмали кўчмас мулкни қуриш ва ишлатишга ихтисослашган холдинг. Компания мамлакатдаги энг йирик мулкдорлардан бири ҳисобланади. Унинг активлари 1,7 миллиард долларга баҳоланган. Компаниянинг бош офиси Москвада жойлашган.
Компаниялар гуруҳининг 100 фоиз акциялари россиялик ҳамда озарбайжонлик миллиардер, 68 ёшли Араз Агаларовга тегишли. Бизнесмен 2021 йилда 1,2 миллиард доллар бойлиги билан Forbes рейтингида «Россиянинг 200 нафар энг бадавлат тадбиркорлари» рейтингида 100-ўринни эгаллаган.