Шавкат Мирзиёев курсантлар билан тушлик чоғида Путин ва Байден нутқларини тилга олди
Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Қаршидаги Олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари билан суҳбат чоғида Россия ва АҚШ президентларининг яқинда қилган чиқишларини тилга олди. Бунга Gazeta.uz нашри эътибор қаратди.

Ўзбекистон Президенти Олий ҳарбий авиация билим юртига ташрифи давомида курсантлар билан муассаса ошхонасида тушлик қилган. Курсантлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишган, жанговар машғулотларни кўздан кечирган. Сўнгра билим юрти устида осмондан ҳарбий самолётлар — қирувчи, ҳужумчи, транспорт самолётлари ва жанговар вертолётлар учиб ўтган.
Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов томонидан эълон қилинган видеода Шавкат Мирзиёев билим юрти фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, хорижий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган.
«Ўйлайманки, [Корея Республикаси билан] ҳам ҳарбий, ҳам фуқаро [авиацияси] учун кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма институт яратиш зарур. Ўз вақтида кадрларимиз, илмий базамиз бўлган, илмий салоҳиятимиз бор эди — ҳаммасини кўмишди ва бошқа ҳеч нарса яратишмади… Биз аэропортларни кўпайтиряпмиз, ‘қанот’лар келтиряпмиз, лекин курсантларни тайёрлашни билмаймиз», — деди Президент.
Унинг сўзларига кўра, Қарши—Хонобод аэродроми негизида илмий база яратилган, эндиликда билим юрти ўқувчилари ўртасида муҳандислик кўникмаларини шакллантириш зарур.

Президент юрт тинчлиги Мудофаа вазирлигига, билимли, малакали ҳарбий кадрларга боғлиқлигини таъкидлаган.
«Сизнинг қандай тарбиялаётганингизни, ким ва қандай дарс бераётганингизни, қайси аппаратларда синовдан ўтаётганингизни барибир ҳамма эшитади. 50 [парвоз] соат деяпсизлар. Мана, оқсоқоллар айтишяптики, улар пайтида жуда бўлса, 20 соат бўлган. Нимага? Шароит бўлмаган, имконият бўлмаган, маблағ бўлмаган», — дейди Президент.
Давлат раҳбари Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байденнинг яқинда қилган чиқишларини ҳам айтиб ўтди.
«Кечагина телевизорда кўрган бўлсаларингиз, Путиннинг мурожаатини кўргандирсиз, Байденни кўргандирсиз. Албатта, бизнинг дунёқарашимиз ҳам, сизники ҳам ўзгариши керак. Ҳар бир давлат ўзининг суверенитетини, тинчлигининг, халқининг манфаати ҳақида ўйлаши учун мустаҳкам мудофаа бўлиши керак. Мудофаа кучли бўлса, давлат ўзини ҳурмат қилишга мажбур қилади. Мана шу мажбурлик сизларнинг билимларингизга боғлиқ», — дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев курсантлардан «бир дақиқа ҳам вақтни беҳуда ўтказмаслик» ва ўз устида ишлаш, билимини ошириш, мутахассислик билан бирга хорижий тиллар ва замонавий технологияларни пухта эгаллашни сўраган.
«Ҳар бир давлатнинг кучи ҳақида мудофааси гапиради. Мудофаа сиз каби ўқимишли, ғайратли, қатъиятли ҳарбийлар, муҳандислар ва учувчилар томонидан таъминланади. Ушбу унвонга муносиб бўлиш учун тинмай ўқиб, ўз устингизда ишлаб, маҳоратингизни ҳар томонлама чиниқтиришингиз керак», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга доир: «Путин ядровий қуролдан фойдаланишга қарор қилгани бўйича ҳеч қанақа белги йўқ» — Оқ уй
Россия президенти Владимир Путин 21 февраль куни Федерал мажлисга йиллик мурожаатида унинг мамлакати АҚШ билан имзоланган стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартномадан чиқишини айтганди. «Агар Қўшма Штатлар ядровий қуролни синовдан ўтказса, биз ҳам буни амалга оширамиз. Ҳеч кимда глобал стратегик вазиятнинг барбод бўлиши мумкинлиги ҳақида қараш бўлмаслиги керак», — дея қўшимча қилди Путин.
Ўз навбатида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Путиннинг Ғарб борасидаги айбловини «бемаънилик» деб атаган. «Ҳеч ким Россияга ҳужум қилмади. Россияга Украина ёки бошқа бирор томондан ҳарбий таҳдид мавжудлиги борасида шунақа бемаъни тасаввур бор», — дейди Салливан.