Сенат Россияда норозилик уюштирган ўзбекистонлик мигрантларга ёрдам беради
Олий Мажлис Сенатининг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Москвада Crocus Group’нинг ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида 4 ойдан бери ташкилот томонидан ходимларга ойлик маошлари берилмаётганлиги сабабли 22 февраль куни ўтказилган норозлик намойиши назоратга олинганини билдирди.
Комиссия маълумотларига кўра, иш ҳақининг ўз вақтида тўланмагани сабабли юзага келган норозилик ҳаракатлари Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан назоратга олинган ва бу борада хориждаги ўзбекистонликларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилиши ҳамда тегишли зарур чоралар кўрилиши йўлга қўйилгани маълум қилинган.
Аввалроқ Москвада Crocus Group’нинг меҳнат мигрантлари 4 ойдан бери компания томонидан ойлик маошлари берилмаётгани туфайли уюштирилган норозилик ҳаракати оқибатида иш берувчилар ва мигрантлар ўртасида жисмоний куч ишлатилганди. Натижада корхона раҳбарияти фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ишлаган барча маошларини тўлаб беришга ваъда берган.