Нодавлат таълим ташкилотларида IT соҳасида ўқиётган ёшларга таълим кредити ажратилади
Ҳукумат қарори билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Янги низомга кўра, таълим кредитлари БҲМнинг 65 бараваригача бўлган миқдорда 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатгача 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахсларга ажратилади. Таълим кредитини олиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этилиши шарт:
- ариза;
- кредит олувчи ва IT-парк резиденти бўлган нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув курсларида таҳсил олиш ҳақида расмийлаштирилган шартнома (контракт, оммавий оферта);
- таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома («Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзандлари бўлган ёшлар учун);
- банкнинг ички ҳужжатларида (сиёсатида) белгиланган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот
ва ҳужжатлар.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни соҳа ва ҳудудларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ахборот технологиялари соҳасидаги хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани маълум қилинганди.