Ўзбекистон—Озарбойжон инвестиция жамғармаси ташкил этилади
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов мамлакатда ташриф билан бўлган Озарбойжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан учрашди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Мулоқот чоғида 2022 йилда 53 фоизга ўсган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Кўзланган мақсад – кўрсаткичларни 1 миллиард долларга етказиш. Бунга, жумладан, нефть-кимё маҳсулотлари, руда ва концентратлар, алюминий, озиқ-овқат маҳсулотлари, механик ва электротехника ускуналари, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига эришиш режалаштирилган.
Мева-сабзавот, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари етказиб беришни ташкил этиш, шунингдек, икки давлатнинг йирик шаҳарларида мунтазам савдо ва ишбилармонлик миссиялари, миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш бўйича келишувга эришилган.
Шунингдек, ниқ лойиҳавий ташаббуслар мисолида икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган. Гап янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга тизимли ёндашиш, яъни рақобатдош устунликларни ҳисобга олиш ва уларни биргаликда молиялаштиришга мўлжалланган Ўзбекистон—Озарбойжон инвестиция жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ҳақида бормоқда. Автомобилсозлик, пахтачилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ипакчилик ва бошқа соҳалар ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида таърифланган.
Худди шу тартибда транспорт ва логистика соҳасида ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ўрганилган. Темирйўл орқали юк ташиш ва транзитни кўпайтиришга қаратилган рағбатлантирувчи чораларни кўришга келишиб олинган.
Учрашув якунлари бўйича Озарбойжон билан стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёрлик билдирилди ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган «йўл харитаси»ни тасдиқлашга келишилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг биринчи ярмида энг кўп инвестиция Хитой тарафидан киритилган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 60 фоиз улуши қуйидаги инвестор мамлакатларга тўғри келган: Хитой — 22,3 фоиз; Россия — 21,5 фоиз; Туркия — 7,5 фоиз ва Германия — 7,3 фоиз.