Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳарорат аста-секин кўтарилади
Ўтган ҳафта охирида қисқа муддатга совуқни олиб келган совуқ ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан шиддат билан чекинмоқда, деб хабар беради «Ўзгидромет».

Қайд этилишича, 28 февраль ва 1-2 март кунлари Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туманларида 2 март куни баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 2 мартда кечаси 2-7 даража илиқни, кундузи 17-22 даража илиқни ташкил этади.
Республиканинг тоғли ҳудудларида 27-28 февраль кунлари қор кўчиши хавфи бор.
3 мартда Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан бироз нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика ҳудуди бўйича булутлилик кучаяди, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кундузги ҳарорат бироз пасаяди ва 12-17 даража илиқни ташкил этади.
2-3 март кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида 27-28 февраль ва 1-2 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 метр/секунд тезликда эсади. 2 март куни 19-21 даража илиқни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 3 февралдан Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келиши бошлаганди. Шундан кейин ҳаво ҳарорати 20 даражагача исиди. Республика Гидрометеорология маркази 10 февраль куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларига қор ёғишини маълум қилди. 13 февраль куни эса баъзи жойларда ҳарорат 12 даражагача исиди. 20 февраль, душанба куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ҳарорат 18 даражагача исиши айтилганди.