Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида электрдан ноқонуний фойдаланиш орқали 711 млн сўм зарар етказилди
Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида электрдан ноқонуний фойдаланганлар 711 миллион сўм зарар етказди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Хусусан, департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Г.С.» МЧЖ раҳбари Ж.Н. ва бошқалар «Юқори юз» МФЙ ҳудудида кўп қаватли уйларни иситиш учун мўлжалланган қозонхонани қуришда 533,7 минг кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Зафаробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «П.» МЧЖ раҳбари А.З. ва бошқалар электр энергияси тўловларидан 259,2 миллион сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлишига қарамасдан, тош майдалаш ускуналарини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 441,5 минг кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Зомин туманда ўтказилган терговга қадар текширувда «С.-И.» фермер хўжалиги раҳбари М.А. ва бошқалар фермер хўжаликка қарашли ер майдонларини суғориш учун сув насосини сохта ҳужжатлар орқали умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 342,9 минг кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.
Бундан ташқари, департаментнинг Ғаллаорол туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, «Ф.-Т.» хусусий корхонаси раҳбари Ш.К. ва бошқалар ушбу корхона ғишт заводида 400 кВт/соат қувватга эга трансформаторни умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 131,1 минг кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шу билан биргаликда, департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда шаҳар қурилиш бўлими масъул шахслари ва бошқалар қурилиш бўлимига қарашли маъмурий бинони умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 73,5 минг кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жами 711 миллион сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир: Сурхондарёда ғишт заводининг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишига шароит яратиб берилгани аниқланди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири энерготизимда режали чекловлар киритилмаса, Ўзбекистон жиддий талафот кўриши мумкинлигини айтгани, Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилгани, Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига метан газ қуйиш тақиқлангани ҳамда Тошкентдаги кўча чироқларини ўчириш бошлангач қанча электр энергияси тежалаётгани ҳақида хабар берилганди.