ДХХнинг собиқ марказий биноси ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қурилади
Тошкентда Radisson Collection Hotel, Tashkent премиум-класс меҳмонхонаси очилади. Ўзбекистон Отелерлар ассоциациясининг хабар беришича, Radisson Hotel Group компанияси Metropol Group МЧЖ билан 164 ўринли меҳмонхонани очиш бўйича битим имзолаган.

Мазкур 22 қаватли меҳмонхона 2026 йилда очилиши режалаштирилган бўлиб, Тошкент марказидаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биноси ўрнида барпо этилади.
Мазкур лойиҳа Radisson Collection’нинг Марказий Осиёдаги биринчи меҳмонхонаси бўлади. Тахминан 130 минг квадрат метр майдонга эга меҳмонхона мажмуаси ягона меъморий услубда қурилган тўртта бинони ўз ичига олади. Улар жамоат жойлари, савдо майдончалари, кинотеатр, офислар, квартиралар, кўп қаватли ер ости автотураргоҳидан иборат бўлади.
Мажмуанинг асосий ва энг баланд биносида Radisson Collection Hotel, Tashkent жойлашади. Бу 27 минг квадрат метрдан ортиқ майдонга эга 22 қаватли классик услубдаги бино бўлади. Меҳмонхона 164 та хонага, жумладан, президентлик хоналари ва квартираларга мўлжалланган.
Меҳмонхонада, шунингдек, ресторан, лобби-бар, VIP-меҳмонхонага эга олий тоифали лаунж бўлади. Битта қават бассейнли спага ажратилади. 19-қаватда айвонли Sky-бар бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Metropol Group МЧЖ ДХХнинг собиқ биноси — собиқ «Марказий бино»ни 210 миллиард сўмга сотиб олган эди.

Маълумот учун, Metropol Group МЧЖ собиқ ташқи ишлар вазири, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комиловнинг ўғли Комилов Дониёр Абдулазизовичга тегишли.