Телефонидан диний нашида топилиб, 5 йилга қамалган талаба озодликка чиқарилди
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судланувчи Сардор Раҳмонқуловнинг ҳимоячиси томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди, дея хабар берди Тошкент шаҳар судлари.
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 2 мартдаги ажримига мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, Сардор Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилган ҳолда шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида Сардор Раҳмонқуловнинг 7 ой 9 кун қамоқда сақлангани инобатга олиниб, асосий жазодан чегириб ташланди.
«Суд жиноят ишини атрофлича ўрганар экан, С.Раҳмонқуловнинг ўз қилмишига иқрор ва пушаймонлиги, унга нисбатан енгиллик бериш ҳақидаги кафолат хатларини инобатга олган ҳолда ҳамда инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосланиб қарор чиқарди», дейилади хабарда.
Мазкур ажримдан норози тарафлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти (протест) келтиришга ҳақли эканлиги маълум қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2023 йил 30 январдаги ҳукми билан С. Раҳмонқулов (2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети 4-курс талабаси, муқаддам судланмаган) Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Маълумот ўрнида, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди 2023 йил 30 январь санасида 21 ёшли Сардор Раҳмонқуловни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Раҳмонқулов ўзининг мобил телефонига Telegram-бот орқали юклаб олган диний нашидани 2020 йил ноябрь ойида синфдошига юборган. Дин ишлари бўйича қўмита ушбу диний қўшиқ ақидапарастлик ғояси билан йўғрилгани сабаб уни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишни тақиқлаган. 2022 йил 5 июн куни Сардор Раҳмонқуловнинг уйида тинтув ўтказган ИИБ ходимлари расмийлаштириб олган мобил телефонда ушбу нашида топилган. Унга нисбатан 2022 йил 21 июлда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. У 6 ойдан кўпроқ муддатда (тергов жараёнида) қамоқда сақланган. Сардор Раҳмонқулов 30 январь куни бўлиб ўтган суд жараёнида ўз айбига қисман иқрор бўлиб, судьядан енгиллик сўраган. Судья З.Нуриддинов Сардор Раҳмонқуловни Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Айбланувчининг онаси BBC Ўзбек хизматига маълум қилишича, ўғли судда тергов жараёнида ўзига нисбатан қийноқлар қўлланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, судья бу даъволарни эътиборга олмаган. Тошкент шаҳар судлари расмий ахборотида Сардор Раҳмонқулов дастлабки тергов жараёнида қийноққа солингани ҳақида кўрсатма бермагани ва важлар келтирмагани айтилади.
Bugun.uz таҳририяти Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси кўмагида Сардор Раҳмонқулов билан интервью ташкил қилиб, Раҳмонқулов қийноққа солиниб, орган ходимлари томонидан калтаклангани, унинг ҳозирги аҳволи, ростдан ҳам айбдорми, деган шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Мавзуга доир: Сардор Раҳмонқулов иши бўйича апелляция суди бошланди
Сардор Раҳмонқуловга кўра, қамоқда унга кеч қандай руҳий тазйиқ ўтказилмаган, куч ишлатилмаган.