ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик кучайтирилади
Ҳиндистоннинг 2023 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га раислиги доирасида Деҳли шаҳрида қатор халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда, дея хабар берди «Дунё» агентлиги.

Мазкур кўп томонлама анжуманлар доирасида ташкилотга аъзо давлатлар Мудофаа вазирликларининг халқаро ҳамкорлик масалаларига масъул таркибий бўлинмалари раҳбарлари учрашувида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси қатнашди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг навбатдаги йиғилиши ташкилий масалалари, тадбир дастури ва кун тартиби, ШҲТ Мудофаа вазирликлари ўртасида 2024–2025 йилларга мўлжалланган халқаро ҳарбий ҳамкорлик режаси лойиҳалари муҳокама этилди.
Шунингдек, март ойида Ҳиндистон мезбонлигида ўтказиладиган «Инсонпарварлик ёрдами ва табиий офатлар вақтида хавфларни камайтиришга кўмаклашиш ҳамда табиий офатларга чидамли инфратузилмалар» ва «ШҲТга аъзо давлатлар Қуролли кучларининг ҳарбий тиббиёт, аҳоли саломатлиги ва пандемияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси» мавзуларидаги семинарларга тайёргарлик кўриш ҳамда ушбу анжуманларда хорижий делегацияларнинг иштироки масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунлари бўйича иштирокчилар ўртасида кўриб чиқилган масалалар юзасидан келишувга эришилиб, тегишли баёнот имзоланди.