Россия ва Марказий Осиё давлатлари миграция бўйича шартномалар тайёрламоқда
Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат органлари миграция бўйича ҳукуматлараро келишувларни тайёрлаш устида ишламоқда. Ҳужжатларни имзолашнинг аниқ санаси ҳозирча номаълум. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Меҳнат миграцияси ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш департаменти директори Алтинай Омурбекова маълум қилди.
«Гап ишлаш учун кетаётган одамлар учун, хусусан, Россия Федерациясига кетишдан олдин қандайдир тайёргарлик кўришдир. Улар учун у ерда қонунчилик талаблари, маданий мослашув масалалари бўйича маълумотлар тақдим этилади, балки тил курслари ташкил этилади», — деди Алтинай Омурбекова.
Россия ТИВнинг МДҲ давлатлари учинчи департаменти директори Александр Стерник 10 феврал куни Россия 2023 йилда миграция бўйича келишув имзолашни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Хусусан, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда миграциядан олдинги ўқув марказларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Марказларда Россияга киришни хоҳловчиларга бир қатор хизматлар, хусусан, рўйхатдан ўтиш хизмати кўрсатилиши режалаштирилмоқда.
FinExpertizа томонидан таҳлил қилинган Россия Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияга 3,47 миллион чет эл фуқароси кирган: Ўзбекистондан — 377 минг, Тожикистондан — 336 минг, Қирғизистондан — 84 минг киши.