Ўзбекистонда Мўғулистон элчихонаси очилади
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов 8 март, чоршанба куни Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг билан учрашди.

Вазирликнинг хабар беришича, томонлар икки давлат президентларининг 2022 йил сентябр ойида бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан фикр алмашган.

Ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказиш, савдо айланмасини диверсификация қилиш ва қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

«Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэгни Тошкентда кутиб олиб, Халқаро хотин-қизлар куни билан табрикладик. Мўғулистоннинг Ўзбекистонда элчихонасини очиш қарорини олқишлаймиз. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар истисносиз барча соҳаларда ижобий суръат кўрсатмоқда», — деди Бахтиёр Саидов.
Шунингдек, учрашув давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Мўғулистон ишчи гуруҳи ва Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масалаларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Мавзуга доир: Тошкентда Испания элчихонаси очилиши мумкин
Аввалроқ Тошкентда Туркманистон элчихонаси ходимлари учун турар жой биноси қурилиши, Стокгольмда Ўзбекистон элчихонаси очилиши, Қозоғистон пойтахтида Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилгани тўғрисида хабар берилганди.