«Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак» деган фикрни ёшлар онгида шакллантирсак, ҳар бир ҳудудни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантирган бўламиз — Шерзод Зулфиқоров
Экспертнинг фикрича, бунда барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, кенг жамоатчилик биргаликда ҳаракат қилиши лозим
Республикада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишнинг таъсирчан тизимини яратиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларга қонунга ҳурмат ва қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик муносабатини сингдириш, профилактик ишларни мувофиқлаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш бўйича қонунчилик нормалари ва уларни қўллаш амалиёти билан боғлиқ муаммоларнинг илмий ечимини топиш долзарб ҳисобланади.
Мазкур йўналишда ҳукуматдан то энг қуйи бўғин ҳисобланган маҳалла идоралари, ҳаттоки оддий фуқарогача бўлган субъектлар тизими шакллантирилди ҳамда улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасига оид вазифалар тақсимланди.
2017—2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатда жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлашда муҳим вазифа ва кафолатлар белгиланди. Давлат раҳбарининг 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридаги «давлат идоралари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаяпти» деган танқидий фикрда ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолият эканлиги таъкидланган. Бундан ташқари, бугунги кунда халқаро терроризм, экстремизм, тобора кўлами кенгайиб бораётган наркоагрессия, «оммавий маданият» каби бало-қазолар мамлакатнинг ҳозирги куни ва келажаги учун жиддий таҳдидига айланаётгани Ўзбекистон ҳуқуқбузарликлар профилактикаси миллий тизимини янада такомиллаштириб боришни ҳамда бу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни тақозо этмоқда.
Ҳозирги кунда республиканинг турли вилоятларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича муайян тажрибалар яратилди. Президентнинг «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ҳамда «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқубузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари қабул қилиниши муносабати билан пойтахтда якдилликда жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан ўзига хос янги тизими жорий этилди.
Буни қуйидагиларда кўриш мумкин: Тошкент шаҳридаги туман ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) негизида туманларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудудлари доирасида куч ва воситаларни мақсадли тақсимлаган ҳолда ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ташкил этилди.
2018 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимига қуйидагиларни назарда тутадиган «Хавфсиз пойтахт» концепциясини эксперимент тариқасида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди: соат 16:00 дан 08:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизини, шунингдек, жамоатчилик вакилларини жалб қилиш орқали кун-у тун уч сменали патрул режимини ташкил этиш; ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор ва тергов бўлинмалари, маъмурий судлар, адвокатура, шунингдек, суд-тиббий экспертиза хизматлари ходимлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат фаолиятини тўлиқ амалга ошириш, кейинчалик сутканинг кундузги вақтида 16 соат давомида уларни бевосита хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш;
ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи навбатда, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг патрул гуруҳлари ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга максимал тезкорлик билан етиб боришини таъминлашдир.
Хулоса қилиб, шуни айтиш мумкинки, агар барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, кенг жамоатчилик бир сўз билан айтганда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантирсак, бефарқлик, лоқайдликка барҳам берсак, натижада, ҳар бир оила, таълим муассасаси, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришдек муқаддас мақсадни амалга оширган бўламиз.
Шерзод Зулфиқоров,
эксперт гуруҳи аъзоси