Олий Мажлис Сенатида 14 март куни Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш масаласи кўриб чиқилади
Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси 14 март, сешанба куни соат 15:00 да бўлиб ўтади.
Унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш масаласи кўриб чиқилади. Сенат қароридан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик учун эълон қилинади.
Ялпи мажлисда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, давлат органлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Ялпи мажлис «Ўзбекистон 24», «Ўзбекистон» телерадиоканаллари, ҳамда Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, Конституциявий суд томонидан 2023 йил 13 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги «‘Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарори бўйича уни Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Маълумот учун, Конституциянинг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ва Конституциявий суднинг 2023 йил 13 мартдаги қарорларини инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги масала Олий Мажлис Сенатида ҳам кўриб чиқилиши керак.