Женевада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи кўриб чиқилади
Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан музокара ўтказиб, Ўзбекистоннинг ЖСТга қабул қилинишини тезлаштириш масаласидаги ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишини 14–15 март кунлари ўтказиш имкониятини муҳокама қилган. Жараённи тезлаштириш мақсадида барча аъзо давлатлар билан товар ва хизмат бозорига кириб бориш юзасидан икки томонлама музокараларни фаоллаштириш, мулоқотлар якуни бўйича тегишли баённомалар имзолаш зарурлиги қайд этилган.
Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЖСТга қўшилиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатни, йирик аъзо давлатлар билан икки томонлама музокараларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг фаоллиги ҳамда ташаббускорлиги ҳамкорликнинг ижобий ўсиш суръатини кўрсатган.
Маълумот учун, Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳ 6 йиғилишида республика савдо режимининг барча жиҳатларига тааллуқли 10 дан зиёд янги ҳужжат кўриб чиқилади.

Аввалроқ Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида Британия билан музокаралар ўтказгани, АҚШ Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлишда ёрдам бериши ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни тезлаштириши ҳақида хабар берилганди.