«Асосий ставка пастроқ бўлса, ресурслар арзонлашади. Аммо ҳамма кредитлар бир фоиз тушади деган гаплар нотўғри» — иқтисодчи
Марказий банк 16 март, пайшанба куни асосий ставкани яна 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз этиб белгилади. Бир йил аввал асосий ставкани 17 фоизгача кўтарган Марказий банк июлда ставкани 15 фоизгача тушурганди. Асосий ставка ўзи нима? Унинг пасайиш ё ўсиши ўзбекистонликларга нима беради? Энди кредитлар ҳам пасаядими? Bugun.uz муҳим саволлар билан банк соҳаси мутахассиси Исмоил Туропов билан суҳбатлашди.
Асосий ставка ўзи нима?
Асосий ставкани оддийроқ қилиб, мамлакатдаги пулнинг расмий нархи деса ҳам бўлади. Марказий банк мамлакатдаги пул ресурсларининг эгаси сифатида банкларга берадиган ресурс, кредитларнинг йиллик нархини асосий ставка деб атайди. Унинг нархи Марказий банк томонидан белгиланиши ҳам шундан келиб чиққан. Яъни, мамлакатдаги пул ресурслари тижорат банкларига қанча фоиздан беришни Марказий банк белгилайди. Қўшимча қилиб айтганда, асосий ставка регулятор олиб борадиган пул-кредит сиёсатининг асосий қуролларидан ҳисобланади.
Асосий ставка пастроқ бўлса, ресурслар арзонлашади
Марказий банк асосий ставкани кўтариш ёки тушириш орқали мамлакатдаги иқтисодий фаолликка, банкларни кредитлаш ва депозит сиёсатига таъсир ўтказади. Масалан, ставка пастроқ бўлса, мамлакатда пул ресурслари арзонроқлигини англатади. Агар юқори бўлса, аксинча. Ўз навбатида, асосий ставка пастроқ бўлса, ресурслар арзонлашишига билвосита бўлса-да, таъсир қилади. Одатда қисқа муддатли ресурсларнинг асосий қисми айнан шу ставкага қараб белгиланади. Асосий ставка 14 фоиз дегани пул ресурслари бозорида банклар бир-бирига шу ставкада (ёки шунга яқинроқ ставкада) пул ёки қарз беради дегани. Марказий банкдан оладиган ресурслар ҳам шу 14 фоиз ставка атрофида шаклланади. Мамлакатдаги «пулнинг нархи» шундан узоқлашмаган ҳолда шаклланади.
Энди кредит фоизлари арзонлайдими?
Асосий ставканинг тушиши натижасида аҳоли ва корхоналарга бериладиган кредитларнинг нархи арзонлашиши мумкин. Ставканинг пасайтирилиши иқтисодий фаолликнинг ошишига хизмат қилади. Бу эса ҳам одамларга, ҳам иқтисодиётга ижобий таъсир қилади. Шунингдек, аксинча асосий ставка кўтарилса, ресурсларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар ошади. Натижада банклар камроқ ресурс жалб қилади ва аҳолига камроқ кредит беради. Бунинг оқибатида иқтисодий фаоллик пасаяди. Яъни Марказий банк шу ставка орқали инфляцияга маълум даражада таъсир қила олади ва ўзининг таъсирини ўтказади. Яъни пул қадрсизланиши бошланади.
«Бизда асосий ставкага ҳамма кредитлар ёки депозитлар тўғридан-тўғри боғлиқ деб бўлмайди. Имтиёзли, таълим ва айрим йўналишлардаги дастурлар бўйича кредитларгина асосий ставкага боғланган. Асосий ставка тушса, юқоридагиларнинг фоиз ставкаси ҳам тушади. Лекин асосий ставка ошса, ошмайди», — дейди Исмоил Туропов.
Марказий банк асосий ставкани туширгани билан нархлар тушиши, кредит фоизларининг камайишини асосан бозор белгилайди. Шунинг учун асосий ставка тушса, кредит ва омонат фоизлари ҳам тушади дейиш мутлақ тўғри деб бўлмайди.
«Бозор иқтисодиёти шароитида кредитлар фоиз ставкаларини бозор белгилайди. Марказий банк эса бозорга қараб асосий ставкани белгилайди ва маълум маънода шу бозорга ўз таъсирини ўтказади. Шу сабабли ҳозирги бир фоизлик пасайиш бозорда сезилувчан ‘об-ҳавони’ пайдо қилмайди. Фақат асосий ставкага боғлиқ бўлган кредитлар ставкаларигина тушиши мумкин. Тижорий кредитлар ставкалари эса, юқорида айтганимиздек, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланади. Шунинг учун энди ҳамма кредитларнинг ставкалари бир фоиз тушади деган гаплар нотўғри», — деди иқтисодчи Исмолил Туропов.