«Шахс ўз айбсизлигини исботлашда иштирок этишга мажбур эмас» — Сурайё Раҳмонова
Янги таҳрирдаги Конституцияга инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид қатор прогрессив кафолатлар киритилмоқдаки, уларнинг заминида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг олий мақсади деб эътироф этилиши ғояси ётади. Айнан мана шу ёндашув асосида Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда. Шу янги қоидалар қаторида айбсизлик презумпцияси принципи Конституцияда янада кенгайтирилмоқда.
Айбсизлик презумпцияси – бу инсоният тамаддуни тарихида шахс ҳуқуқларига оид энг буюк кафолатдир. Аслида тарихан бу кафолат жиноят процессига сиёсий ҳаётдан келган ижтимоий-сиёсий ғоядир. Яъни, XVIII аср ўрталаридаги Европа жамиятида кечаётган сиёсий-ижтимоий воқеалар, жумладан француз инқилоби даврида – жиноят ва жазо тизимига бевосита таъсир кўрсатаётган тарихий жараёнда шаклланган.
Айбсизлик презумпцияси ғояси биринчи бор Францияда татбиқ этилган ҳамда 1769 йилда «Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари Декларацияси»да мустаҳкамланган. Айнан шу вақтдан бошлаб тарихан инсонга бўлган ёндашувнинг бутунлай янги шакли эътироф этилиб, инсонни чекланмаган муддатда ҳибсда сақлаш ва унга нисбатан ноинсоний муомилада бўлиш, қийноққа солишга қурилган ўрта асрлар инквизицияси мутлақо инкор этилган.
Яъни, айнан айбсизлик презумпциясига кўра, давлат ва жамият учун шахснинг шаъни ва қадр-қиммати унинг жиноятда айбини исботланишидан кўра муҳимроқдир. Мазкур принципга мувофиқ, тергов органлари ўз функциясидан келиб чиқиб, судга мазкур шахс жиноят содир этганлиги ҳақида ўзининг тергов версиясинигина тақдим қилади, бироқ бу шахс ҳатто жиноят содир этганида ушланган бўлса ҳам, унинг айби суднинг ҳукми билан аниқлангунига қадар айбсиздир.
Албатта, тарихга нигоҳ ташласак, айбсизлик презумпцияси ҳатто совет тузуми Жиноят-процессуал кодексида ҳам белгиланган эди. Лекин шубҳасиз, бу даврда мазкур принцип декларатив равишда, фақат қоғозда бўлган. Инквизициявий совет жиноят процессида исботлашнинг энг самарали йўли бу – айбига иқрорлик кўрсатмаларини олиш ҳисобланарди. Ва бу йўлда ҳар қандай усуллар ўзини оқлайди, деган репрессив қоида амал қиларди. Айнан ана шу оғир тарихий даврларни бошидан кечирган халқимизда жиноят тергови ҳақида сўз борганда ҳали ҳануз қуйидаги стереотип фикрлаш сақланиб қолган: «тергов органларига кунинг тушмасин, тушса тамом, қутула олмайсан, тергов нима деса шуни қилишга, гапиришга мажбур бўласан». Шубҳасиз, бундай тафаккурдан батамом воз кечишимиз зарур, зеро инсонга бўлган бу каби ёндашув одил судлов принципларига мутлақо зиддир.
Таъкидлаш жоизки, Айбсизлик презумпцияси принципи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузли халқаро ҳужжатларга асосланади.
Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 5-моддасидаги «Жиноят содир этганликда айбланган ҳар бир инсон ҳимоя учун барча имкониятлар таъминланган ҳолда, очиқ суд мажлиси йўли билан унинг айби қонуний тартибда аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланишга ҳақлидир».
Айбсизлик презупмциясининг мазкур кафолати Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 14-моддасидаги «ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур килинмаслик» қоидасида янада ривожлантирилган.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб беришга мажбур эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Бу янги конституциявий қоида нимани англатади? Жиноят бўйича исботлаш мажбурияти алоҳида масъул мансабдор шахсларга юклатилган. Яъни, дастлабки терговда шахсга нисбатан айблов терговчи томонидан эълон қилинади, суд муҳокамасида эса айбловни давлат айбловчиси қўллаб-қувватлайди. Айнан шунинг учун ҳам шахснинг айбли ёки айбсизлигини исботлаш фақат мазкур мансабдор шахслар зиммасида. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи исботлаш жараёнида иштирок этишга мажбур эмас. Агар истаса, шахс ушланган вақтидан то ҳукм чиқарилгунга қадар умуман сукут сақлаши мумкин – бу унинг ҳуқуқи.
Яъни, жиноятда гумонланаётган ёки айбланаётган шахс терговчига «Айбдор ёки айбсизлигимни исботлашга мажбур эмасман, бу сизнинг мажбуриятингиз!» дейишга тўла ҳақлидир. Албатта, оддий турмушимизда бундай вазиятни тасаввур қилишимиз анча мушкул. Лекин аслида айбсизлик презумпциясининг мазкур қоидаси ҳар бир шахсга айнан шундай дадил позицияда бўлишни кафолатлайди.
Тергов амалиёти шуни кўрсатадики, одатда шахс ушланганда ёки унга нисбатан жиноят иши очилганда у оғир руҳий ҳолатга тушади, ўзини йўқотиб қўяди ва шундай вазиятда у ўз ҳуқуқларини тўлиқ англай олмайди. Бундай мураккаб руҳий ҳолатда жиноятда айби борлигини исботлаш ўзининг эмас, тергов органларининг вазифаси эканлигини тушунмаган фуқароларимиз ўзига қарши кўрсатмалар бериши афсуски, ҳаётимизда кўплаб учрайдиган ҳолатдир.
Худди шунингдек бу кафолат борасида гапирадиган бўлсак, айтиш зарурки, сукут сақлаш ҳуқуқига бўлган эҳтиёж жиноят процессида энг бошланғич нуқтасининг ўзида – шахс жиноят содир этишда гумонланиб ушланган заҳотиёқ юзага келади. Яъни, шахснинг ҳаракатланиш эркинлиги чекланиши билан дарҳол унга мазкур ҳуқуқи тушунтирилиши шарт ҳисобланади. Нима учун айнан шу босқичда бу муҳим? Чунки айнан шахс ушланган пайти унга тергов органлари томонидан турли жисмоний ва руҳий тазйиқ қилиш эҳтимоли ниҳоятда каттадир.
Айнан шундай хавфлар нуқтаи назаридан ҳам шахс ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги қоидасининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши зарур.
Айтиш муҳимки, одатий ҳаётда кўпчилик инсонлар ўзининг бу каби процессуал ҳуқуқларини жиноят содир этишда гумонланиб ушланганида, яъни мураккаб вазиятга тушганидан кейингина билишга интилади, қачонки шундай конституциявий ҳуқуқи бор эканлигини айблов эълон қилиб бўлинганидан кейин эмас, аксинча, бундан аввал билиши ва уни таъминланишини талаб этиши зарур.
Конституцияга киритилаётган яна бир муҳим кафолат — «Шахснинг ўз айбини тан олиши унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас» эканлиги тўғрисидаги қоидадир. Мазкур кафолатнинг аҳамияти нимада?
Айнан жиноят процессида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш масаласи жуда муҳим. Сабаби, айнан жиноят процессида инсонга асоссиз жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказиш хавфи катта. Шу сабабдан ҳам, қонун кимгадир эмас, айнан мансабдор шахсларга жиноят процесси иштирокчилари билан ҳар қандай нопроцессуал усулда мулоқот қилишни, яъни ўз ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилишни қатъиян тақиқлайди. Айтиш керакки, тергов вақтида қўлланиладиган ғайриқонуний ҳаракатлар нафақат қийноқ ва бошқа зўрлик усулларидан иборат, яъни, жиноий таъқиб остидаги шахсга нисбатан ундан иқрорлик кўрсатмалари олиш мақсадида ўтказиладиган босим, нафақат жисмоний, балки руҳий тазйиқ кўринишида ҳам кузатилиши мумкин. Айнан бундай ноқонуний усулларни қўллаб олинган ҳар қандай далиллардан фойдаланиш қонунан тақиқланади. Яъни, тергов вақтида иқрорлик кўрсатмалари ҳар қандай босим остида олинган бўлса, сўзсиз номақбул далил ҳисобланади ва улардан судда фойдаланиш мумкин эмас. Бундан ташқари, қонунда шундай процессуал талаб амал қиладики, унга биноан агар суд мажлисида масалан, судланувчи терговда унга нисбатан рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаат қилса, судья бу мурожаатни суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказган ҳолда мажбурий текшириши зарур. Айнан ана шу кафолатнинг Конституцияда мустаҳкамланиши ҳар қандай бу каби номақбул далиллардан фойдаланишга чек қўяди. Муҳим жиҳати, бунда нафақат ноқонуний усулда олинган иқрорлик кўрсатмалари, балки уларнинг асосида айбланувчи иштирокида ўтказилган бошқа тергов ҳаракатлари ва уларнинг натижасида олинган далиллар ҳам ўз юридик кучини йўқотади.
Шу билан биргаликда, таклиф этилаётган мазкур конституциявий норманинг энг муҳим кафолати шундан иборатки, иқрорлик кўрсатмалари ихтиёрий равишда ёки босим остида олинганлигидан қатъий назар, улар иш юзасидан ягона далил бўлса, шахс айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас! Яъни бундай шахс ҳуқуқлари кафолати, тергов органлари зиммасига конституциявий даражада алоҳида масъулият юклайдики, эндиликда улар шахсни айбини исботлаш жараёнида иқрорлик кўрсатмаларига асосий урғу бермаслиги ва айбловни тергов йўли билан текширилган бошқа далиллар мажмуи билан исботлашлари шарт.
Агар мазкур кафолат талаблари бажарилмаса, бундай ҳолатларда суд шахснинг айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли оқлов ҳукми чиқаради. Яъни, бунда «исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг» деган ҳалқаро стандарт амал қилади.
Жумладан, бундай оқилона ва адолатли ёндашувнинг далолати сифатида судлар томонидан чиқарилаётган оқлов ҳукмлари тобора кўпайиб бораётганини, ноҳақ айбланаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинаётганлигини келтириш мумкин. Жумладан, қиёслаб айтадиган бўлсак, сўнгги олти йилда (2016-2022) 4 712 нафар ноҳақ айбланган шахс оқланган бўлса, бундан аввалги тўққиз йил ичида эса (2006-2015) атиги 138 нафар шахс оқланган холос. Бу даврлар орасидаги жиддий ўзаро фарқ ҳам инсон ҳуқуқларини амалда таъминлаш борасидаги сўнгги йилларда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг қанчалик самара бераётганлигини тасдиқлайди.
Янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда кўзда тутилаётган янги кафолатлар бутун жаҳон эътироф этган айбсизлик презумпциясининг «олтин қоидалари» бўлиб, уларнинг конституциявий даражада мустаҳкамланиши фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишининг янги ва ишончли механизмини ишга солади. Бу прогрессив қоидаларнинг Конституцияда қатъийлаштирилиши фуқароларимизни асоссиз ва қонунга хилоф жиноий таъқибдан ҳимоя қилади, тергов органлари томонидан жиноятда айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишини олдини олади.
Раҳмонова Сурайё
юридик фанлари доктори, профессор,
конституциявий комиссия эксперти