Си Цзинпин Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклади
Си Цзинпиннинг мактубида Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи режалаштирилаётгани айтиб ўтилган
Хитой етакчиси Си Цзинпин Шавкат Мирзиёевни Наврўз билан табриклаб, мактубида Хитойга давлат ташрифи режалаштирилаётгани ҳақида тўхталиб ўтган.
«Ўзбекистоннинг миллий байрами — Наврўз айёми билан Хитой ҳукумати ва халқи ҳамда шахсан ўз номимдан сизни ва Ўзбекистон халқини чин қалбимдан муборакбод этишдан ғоят мамнунман», дейилади табрикда.
Қайд қилинишича, Си Цзинпиннинг 2022 йили сентябрда Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида бўлиб ўтган музокаралар натижасида мамлакатларнинг стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантирувчи, халқлар манфаатига хизмат қилувчи қўшма баёнот қабул қилинган, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболлари белгилаб олинган.
«Мен Хитой—Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратаман. Сизнинг жорий йил май ойига режалаштирилган илк ‘Хитой—Марказий Осиё’ саммитида иштирок этишингизни ва Хитойга давлат ташрифингизни кутиб қоламан», дейилади Си Цзинпиннинг мактубида.
ХХР етакчиси Ўзбекистон Президенти билан биргаликда Хитой—Марказий Осиё муносабатлари истиқболлари ҳамда мамлакатларнинг икки томонлама ҳамкорлигига оид катта режаларини муҳокама этиши Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигини янада юқори даражага кўтаришига ишонч билдирган.
«Фурсатдан фойдаланиб, сиз жаноби олийларига мустаҳкам соғлиқ-саломатлик, масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман. Дўст Ўзбекистон халқига бахт ва фаровонлик ҳамиша ёр бўлсин!», — дея якунланган Си Цзинпин мактуби.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Жо Байден Наврўз байрами билан табриклагани ҳақида хабар берилганди.