Рамазон дўмбирачилари, анъанавий «гуллач» ва саҳаргача давом этадиган ўйин-кулги — Истанбулда рамазон қандай нишонланади?
Икки қитъани бирлаштирган Истанбул Рамазон анъаналарининг ватани ҳисобланади
Икки қитъани бирлаштирган Истанбул Рамазон анъаналарининг ватани ҳисобланади. Турк маданиятида «Ўн бир ойнинг султони» номи билан машҳур бўлган Рамазон ойи ўз-ўзини назорат қилиш, баҳам кўриш, фидойилик ва рўза тутиш ойи ҳисобланади. Бу муқаддас ой, хусусан, Истанбулда ҳам ўзига хос тарзда нишонланади.

Рамазон ойининг 23 мартидан 20 апрелигача Истанбулга ташриф буюрувчилар шаҳарнинг ўзига хос Рамазон урф-одатлари ва маданиятини кўриши, бу муқаддас ойнинг муҳаббати, хайр-эҳсон ва бағрикенгликни намоён этадиган муҳитда ўтказиши мумкин.
Туркияда Рамазон ойи қандай кутиб олинади?
Истанбулда Рамазон масжид миноралари орасига осилган Усмонли мероси байроқлари остида кутиб олинади. Ушбу ёритилган ёзувлар Рамазон муҳитида Истанбулнинг бетакрор манзарасига осойишталик бағишлайди.

Рамазон ойининг яна бир ёқимли анъанаси — Рамазон дўмбирачиларидир. Мусиқачилар тонг отишидан олдин кўчаларни кезиб, дўмбира чалиб, Рамазон ҳақида шеърлар ўқиб, одамларни саҳарликка уйғотади. Кўп мамлакатларда бўлгани каби Туркияда ҳам Рамазон ойида рўза тутиш кундалик маросимдир. Рўзанинг маънавий қисми ифторликкача давом этади.
Истанбулнинг энг машҳур ширинлиги — «гуллач» ҳамда ифтор дастурхони ҳақида
Дастурхон атрофидагилар одатда овқатдан олдин бир қултум сув ва бир неча зайтун ёки хурмо билан ифторлик қилади. Истанбулликлар уйидаги ифтор дастурхонлари Рамазон ойи фаровонлигини акс этади. Майдонларда ёзилган дастурхонлар атрофида биргаликда ифторлик қилиш ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва баҳам кўришнинг муҳимлигига урғу беради. Рамазон ойида Истанбулга ташриф буюрганлар жамоавий ифторликлар қилишнинг маънавий завқини ўзида ҳис қилади. Шунингдек, Рамазон ойида турк таомлари махсус ифторлик менюлари ресторанларда таклиф қилинади. Рамазон ойида энг машҳур таом турк ширинлиги — «гуллач» ҳисобланади. Сут, атиргул суви, анор ва ўзига хос хамир туридан тайёрланадиган мазали «гуллач» пахлаванинг аждоди ҳисобланади.
Мусиқа ва рақс намойишлари, ҳикоялар — саҳаргача давом этадиган анъанавий ўйин-кулги моҳияти ҳақида
Истанбул масжидларида ифтордан кейин ўқиладиган таровиҳ намози ибодат ва жамоавий туйғуларни мустаҳкамлайди. Намоздан сўнг турли майдонларда, айниқса, Султон Аҳмат масжиди олдида анъанавий Рамазон ўйин-кулгилари бошланиб, шаҳар ва унинг аҳолисини жонлантиради. Шаҳар майдонларида дин ҳақида суҳбатлар, шеърхонлик, халқ томошалари — мусиқа ва рақс намойиши, ҳикоялар айтилиши билан алоҳида ажралиб туради. «Карагўз ва Ҳаживат» соя театри анъанавий соя қўғирчоқлари намойиши билан ёш болалар ва катталарни ҳайратга солади.

Рамазон ойида Истанбулга хос яна бир жиҳат шаҳарнинг кўплаб муқаддас жойлари билан боғлиқ. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг саҳобалари Холид бин Зайд Абу Айюб Ал-Ансорий қабри жойлашган Айюб Султон масжиди, Рамазоннинг биринчи рўзаси очиладиган Оруч Бобо қабри, Яҳё пайғамбарнинг қабри жойлашганлиги тахмин қилинган Юша тепалиги ва Яҳё афанди мақбараси, Аясофя, Мовий (Султон Аҳмат) масжиди ва Топкапи саройи каби тарихий жойлар Рамазон ойида ташриф буюриш учун мақбул танлов ҳисобланади. Муҳаммад (с.а.в.)нинг муқаддас ёдгорлиги бўлган «Ҳирқа-и Шариф»ни Рамазон ойи давомида Ҳирка-и Шариф масжидида кўриш мумкин.
Истанбулда Ҳайит байрами қандай нишонланади?
Истанбулда ибодатлар билан ўтказиладиган Рамазон ойи билан хайрлашиш Ҳайитнинг биринчи кунида ўқиладиган Ҳайит намозидан бошланади. Ҳайит кунларида шаҳар аҳолиси кексаларни зиёрат қилиш учун йўлда байрамона кийимлар кийиб, қутичаларда ширинлик ёки қандолат маҳсулотларини кўтариб кетаётганини кўрасиз. Қариндошлар йиғилиб, оила даврасида байрамни нишонлагандан сўнг болаларни шаҳардаги истироҳат боғлари ва кўнгилочар масканларда ташкил этилган сайлларга олиб боради.