10:49 | 22.03.23 286

Зилзила ортидан қисқа вақт ичида яна кучли зилзила бўлиши эҳтимоли деярли йўқ — иқлимшунос

ФВВ эса аҳолини саросимага тушмаслик ва ваҳимага берилмасликка чақирган

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов зилзила ортидан қисқа вақт ичида яна кучли зилзила бўлиши эҳтимоли деярли йўқлиги ҳақида ўзининг Telegram каналида маълум қилган. Унга кўра, 21 март, сешанба куни Ўзбекистонда сезилган зилзила Афғонистонда икки плитанинг ўзаро бирлашган нуқтасига яқин ҳудудда содир бўлган.

«Ўзбекистонда сейсмик қўзғалиш кўп жиҳатдан Ҳиндистон ва Евросиё плиталарининг ўзаро таъсирига боғлиқ. Мазкур плиталарнинг сейсмик туташуви Афғонистонда жойлашган бўлиб, у ерда чуқур фокусли зилзилалар (130 километр чуқурликда) тез-тез учрайди.

Ўзбекистонга мазкур сейсмик фаолликнинг акс-садолари етиб келади. Соат 21:47 да кузатилган зилзила ҳам шулар жумласидан. Эпимарказда 6,6 магнитудали зилзиланинг 220 километр чуқурликда бўлиши ва ортидан афтершоклар кузатилмаслиги унинг анчагина чуқурликда рўй бергани билан тушунтирилади. Бундай жараёнда зилзила ортидан қисқа вақтда яна қайта кучли зилзиланинг бўлиш эҳтимоли жуда паст (йўқ ҳисоби)», — деб ёзади у.

Ўз ўрнида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зилзила оқибатида республика ҳудудида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмаганини маълум қилди.

«Республика ҳудудида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмади. Бино ва иншоотларга зарар етмаган. Ўз навбатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолидан саросимага тушмасликни ва ваҳимага берилмасликни сўраб қолади.

Баъзи-баъзида шундай зилзилалар республикамиз ҳудудида кузатилиб туради», дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, аввалроқ Афғонистонда 21 март куниТошкент вақти билан соат 21:47 да рўй берган зилзила Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида сезилгани ҳақида хабар берилганди. Сейсмопрогностик мониторинг марказига кўра, зилзила магнитудаси 6,6 балл бўлган. Зилзила эпицентри Тошкентдан 561 километр жануби-шарқда.

Ўзбекистон ҳудудида зилзиланинг сезилиш кучи Сурхондарё вилоятида 5–6 балл, Тошкент шаҳри, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятида 5 балл, Хоразм вилоятида 4–5 балл ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 4 балл бўлган.