Ўзбекистонда яна зилзила қайд этилди
Эпицентрдаги зилзила магнитудаси 4,9 балл бўлган
ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази Тожикистонда 23 март куни Тошкент вақти билан соат 07:53 да содир бўлган зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилганини қайд қилди.

Зилзила 39,37 градус шимолий кенглик; 69,79 градус шарқий узунликда, 15 километр чуқурликда қайд қилинган. Эпицентрдаги зилзила магнитудаси 4,9 балл бўлган. Эпицентр Тошкентдан 216 километр жанубий-шарқда жойлашган. Ўзбекистон ҳудудларида зилзила кучи Сирдарё вилоятида 2–3 балл, Жиззах, Фарғона, Наманган вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида 2 балл бўлган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида 23 мартга ўтар кечаси ер силкиниши кузатилган. ФВВ Тожикистонда Тошкент вақти билан соат 01:07 да содир бўлган зилзила магнитудаси 6 балл бўлганини қайд қилган. Тошкент вақти билан соат 01:36 да Тожикистонда иккинчи 3,9 баллга тенг зилзила (афтершок) кузатилган. Зилзила эпицентри Тошкентдан 215 километр жанубий-шарқда жойлашган.
Мавзуга доир: Зилзила ортидан қисқа вақт ичида яна кучли зилзила бўлиши эҳтимоли деярли йўқ — иқлимшунос
21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда рўй берган 6,6 балли зилзила Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сезилган, Афғонистон ва Покистонда эса зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар ҳақида хабар қилинган.