Қизил лола севги, оқ лола поклик, қора лола пинҳоналикни билдиради. Истанбулни дунёга танитган лолалар тарихи
Лолалар Онадўлига Ўрта Осиёнинг Помир тоғи турклари томонидан олиб келинган
Ҳар йилнинг апрелида Истанбулнинг энг машҳур жойлари ранг-баранг баҳор лолалари билан бурканади. Султон Аҳмет майдонида лола етиштиришнинг аквакултура усулидан фойдаланган ҳолда кенг майдонга «Лола гилами» тўқилган. Бу манзара маҳаллий аҳолини ҳам, чет эллик меҳмонларни ҳам ҳайратга солади. Худди шундай манзараларни Истанбулдаги Эмирган, Гулҳане, Юлдуз, Сўғанли ботаника боғи, Бейкоз, Буюк Чамлижа, Кичик Чамлижа, Фетҳипаша ва Ҳидив Павилион боғларида учратиш мумкин.

Лола байрамининг тарихи ҳақида
Лолалар Онадўлига Ўрта Осиёнинг Помир тоғи турклари томонидан олиб келинган. Лола турк маданиятининг энг муҳим тимсоли ҳисобланади. XII асрдан бери ҳунармандчиликда безак нақшлари намунаси сифатида қўлланила бошланган. Гўзал, бетакрор ва ранг-баранг гуллар Усмонлилар даврида шеърлар, фармонлар, ҳикоялар ва миниатюра расмларининг асосий мавзуси сифатида урфда бўлган. Лола нақшлари масжидлар, қабр тошлари ва сарой безакларида, шунингдек, гилам ҳамда мато нақшларида, кафтан ва сеп сандиқларида, ҳатто тангалар, жанговар дубулғаларда ҳам кенг қўлланилган.
Лолалар асосан XVI асрда Усмонийлар империясининг пойтахти Истанбулда етиштирилиб ва шаҳар бўйлаб манзарали гуллар сифатида экилган. Лолаларга бўлган иштиёқ Сулаймон Шоҳ ҳукмронлиги даврида кенг тарқалиб, ўсимликнинг турли хил навларининг ривожланишига олиб келади. Шаҳарнинг рамзи ҳисобланган Истанбул лоласи ҳам ўша даврда пайдо бўлган. Султон Аҳмад III даврида лола икки мингга яқин нави билан шуҳрат қозонди ва XVIII асрга Лола даври деб ном берилди.

Қизил лола севги, оқ лола поклик, қора лола пинхоналикни ифодалайди
Лола навлари кўпайиб боргани сари уларнинг ранглари маъноларга эга бўлди. Қизил лолалар севгини, оқ лолалар эса поклик ва ҳокисорликни ифодалаган. Бинафшаранг гуллар «олижаноблик ва романтика» ни, сариқ ранг эса «қувонч» ни билдиради. Ноёб қора лола «пинҳона, қўл етмас» деган маънони англатса, чизиқли лола «бетакрор гўзаллик»ка ишора қилади.
Бугунги кунда Онадўлида жуда кўп лола навлари етиштирилади. Энг ҳайратланарлилари орасида «йиғлаётган келин» деб аталадиган «энгашган лола» бор. Дунё бўйлаб ушбу боши қуйига эгилган лолаларнинг 167 тури мавжуд. Улардан 20 таси эндемик бўлиб, 43 турини Туркияда учратиш мумкин.
Турк маданиятида муҳим ўрин тутган бу ажойиб гул XV асрнинг иккинчи ярмида Австриянинг Вена шаҳрига, сўнгра Нидерландияга олиб келинган ва шу тариқа Европада тарқалган.