«‘Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида’ лойиҳаси ўтмишдан гапираётганга ўхшайди, лекин бу келажакка саёҳат» — Михаил Швидкой
Россия президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти янги офисига ташриф буюрди
Россия президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти янги офисига ташриф буюрди.
Ташриф ва музокаралар чоғида келгусидаги қўшма лойиҳа ва ташаббуслар муҳокама қилинди, Россия музейлари ва кутубхоналари билан ҳамкорликнинг янги қирралари белгилаб олинди.
Меҳмон дастлаб «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги суратларга бой, безакли китоб-альбомлар ва қадимий шарқ қўлёзмаларининг ноёб факсимиле нашрлари билан танишди.
Михаил Швидкой Россия музейлари ва кутубхоналарида Ўзбекистон меросини ўрганиш бўйича мутахассислар топиш ва қўшма ишларни ташкил этишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.
«Мен ҳайратдаман. Бу жуда катта, кенг қамровли иш. Бу ташкилот ўтмиш ҳақида гапираётганга ўхшайди, лекин мен кўрганларимга асосланадиган бўлсам, бу келажакка саёҳат. Лойиҳанинг замонга хос, жадал ҳаракат қилаётгани, ишлаш усуллари ва жараёни ҳақида гапирсак — бу албатта эртанги кунга даҳлдор. Катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилган! Ва, албатта, мен бу ажойиб лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман», — деди Михаил Швидкой.
Шунингдек, Россия музейлари билан биргаликда амалга ошириш режалаштирилган бир қанча ғоялар ташкил этилмоқда.
«Биз биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган бир қанча қизиқарли ташаббусларни муҳокама қилдик. Бу, биринчи навбатда, Санкт-Петербургдаги Пушкин уйида сақланаётган Ўзбекистонга оид ноёб мусиқий меросни рақамлаштиришдир. Гап ноёб, нодир мақомлар ҳақида кетмоқда. Бу ажойиб овозларни дунё ҳали эшитмаган ва бизда узоқ ўтмиш мусиқаси кенг оммага тақдим этиш учун ажойиб имконият бор.
Россия музейлари ва кутубхоналаридаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари ҳақида бешта эксклюзив совға китобини нашр этиш режага киритилган. У ҳашамат ва ўзига хосликнинг мағзини, асл моҳиятини намойиш этади – китобларга музей коллекциялари фахри саналган энг нодир, энг ноёб, энг гўзал экспонатлар жам бўлади», — дея таъкидлади «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Екатерина Соболева.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Васийлик кенгаши раиси Бахтиёр Фозилов Михаил Швидкойнинг «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси офисига ташрифи якунлари ҳақида фикр билдирди.
«Мамлакатимиз маданий меросига оид деярли барча қитъадаги музей ва кутубхоналарда сақланаётган коллекциялар намуналари ҳақида ҳикоя қилувчи 60 жилдлик китоблар нашр этилди. Биз учун жуда қадрли бўлган лойиҳага ташкил этилган дастлабки кунлариданоқ бундай юксак баҳо берилганидан жуда мамнунмиз», — деди Бахтиёр Фозилов.
Маълумки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 2019 йилда Парижда рўйхатдан ўтган. У дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 400 га яқин олимни бирлаштирган. Лойиҳага асос солинган кундан буён унинг ташкилотчиси ва ҳомийси Eriell Group компанияси ҳисобланади.