10:21 | 25.03.23 168

Улуғбек Рўзиқулов «Ўзавтосаноат» раҳбари этиб тайинланди

Рўзиқулов 2015–2017 йилларда ҳам «Ўзавтосаноат»га раҳбарлик қилганди

Бош вазирнинг собиқ ўринбосари, муқаддам «Ўзавтосаноат»​ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари»​ни бошқарган Улуғбек Рўзиқулов яна «Ўзавтосаноат» компанияси бошқарув раиси лавозимига тайинланди. Компания сайти раҳбариятида айнан у янги раис сифатида кўрсатилган.

Улуғбек Рўзиқулов 2017 йил августида бу лавозимдан озод этилиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига раҳбар этиб тайинланганди. 2018 йил январида Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари кетаётган автобус ёниб кетиши ортидан авиакомпания раҳбарлигидан ҳам олинганди.

Шундан сўнг у 2018 йилдан буён Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси (2019 йил октябридан Ветнамда ҳам) сифатида ишлаб келаётганди.

Улуғбек Рўзиқулов (1969 йилда туғилган) Ломоносов номидаги Москва давлат университети битирувчиси, Россия Фанлар академияси Иқтисодиёт институти аспирантурасини тамомлаган, иқтисод фанлари номзоди ҳисобланади. Улуғбек Рўзиқулов муқаддам Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ишлаган, 2015 йилдан 2017 йилга қадар бош вазир ўринбосари — «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси бўлган.

Аввалроқ «Ўзавтосаноат» раҳбари Шавкат Умрзоқов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.