«Агар маҳсулот халқаро стандартга мувофиқ бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди» — Азиз Абдуҳакимов
Унда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси «яшил» ривожланиш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини таъкидлади.
Тошкентдаги InterContinental Hotel меҳмонхонасида 27 март, душанба куни «Барқарор туризм моделини ривожлантириш — туризм салоҳиятини ошириш йўли» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда унда иштирок этган Bugun.uz мухбири хабар қилди.

Таъкидланишича, халқаро конференция Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиялаштириладиган Switch Asia дастури доирасида, шунингдек, Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги кўмагида «Марказий Осиёда барқарор туризм учун модел: салоҳиятни яратиш, хабардорликни ошириш, технологияларни жорий этиш» лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
Конференциянинг очилиш маросимида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан хоним ва Ўзбекистон табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди. Вазир ўз нутқида туристик секторда яшил технологияларни қўллаш ва улардан фаол фойдаланишнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
«Бугунги кунда экологик барқарорлик бозорда рақобатбардошликнинг муҳим омили бўлиб бормоқда. Экологик хабардорликни ошириш, халқаро стандартларни жорий этиш, самарали экологик технологияларни қўллаш мамлакатда туристик тармоқни янада ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 28 сентябрдаги йиғилишда таъкидлаб ўтганидек, маҳсулотнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш учун миллий стандартларни халқаро талабларга мувофиқ даражага келтириш ва уларни корхоналарда жорий этиш муҳимдир. Агар маҳсулот халқаро стандартга мувофиқ бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси ўз нутқида Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиёт бўйича миллий дастурининг муҳимлиги ва Европа Иттифоқининг барқарор «яшил» ривожланиш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини таъкидлади.
MOST лойиҳасининг ҳамкорлари, хусусан, Ираклион ривожланиш агентлиги (Крит, Греция) — етакчи ҳамкор, Қишлоқ туманларини ва барқарор туризмни ривожлантириш соҳасида тажрибага эга бизнесни қўллаб-қувватлаш ташкилоти, European Profiles S.A. (Греция) — Европа Иттифоқида Шарқий Европа, Марказий Осиёда ривожланиш ва бошқарув дастурлари бўйича катта тажрибага эга етакчи консалтинг компания, APINTECH (Кипр) — техник ҳамкор, барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол (УПП) ҳамда яшил технологиялар бўйича эксперт, Латвия қишлоқ туризми уюшмаси — барқарор туризм ва маҳаллий ривожланиш соҳасида тажрибага эга, коммуникация бўйича ҳамкор, шунингдек, Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ), Евроосиё туризм уюшмаси (Қозоғистон), Тожикистон сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси — Европа Иттифоқи грантининг якуний бенефициарлари ҳисобланади.

Ўзбекистонда лойиҳани амалга оширувчи ташкилот Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси бўлиб, лойиҳа доирасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон сайёҳлик ташкилотлари қуйидаги имкониятлардан фойдаланишга муваффақ бўлди:
- туризм корхоналарида экологик менежмент, барқарор маркетинг мавзулари бўйича ўқув курсида иштирок этиш;
- экологик сертификатлаштириш мақсадида маълумотларни бошқариш учун дастурий технологияларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш;
- мониторинг учун аппаратли ҳамда дастурий таъминотни олиш ва ўрнатиш;
- бепул махсус қурилмалар («ақлли» ҳисоблагичлар/датчиклар) тақдим этиладиган корхоналар орасидан танлаб олиниш.
Шунингдек, экологик сертификатланганликнинг мавжудлиги меҳмонхона бизнеси корхонасининг имижига ижобий таъсир кўрсатади, кучли маркетингли «яшил» восита бўлиб ҳисобланади ва меҳмонларнинг содиқлигини оширишга хизмат қилади. Бунинг шарофати ўлароқ, туроператорлар ва сайёҳлар ҳамкорлик қилиш учун кўпинча айнан шундай меҳмонхоналарни танлай бошлайди, бу эса қўшимча фойда олишга ёрдам беради.

MOST лойиҳаси доирасида барқарор маркетинг бўйича, барқарор туризм учун GSTC ва рақобатбардошликни ошириш учун «яшил» харидлар қилиш тўғрисида семинар-тренинглар ўтказилди. Иштирокчиларни сертификатлаштириш бўйича тайёрлашда қуйидаги стандартларга эътибор қаратилди:
- ISO 14001: 2015 (экологик менежмент тизими);
- HCMI (Hotel Carbon Measurement Initiative). Бу меҳмонхона саноати учун мўлжалланган методология ва воситалар тўплами;
- КСО (Корпоратив ижтимоий жавобгарлик).
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда ўтказилган семинар-тренингларда ўқитилганларнинг умумий сони 955 нафар кишини ташкил этди, улардан 730 нафари — Ўзбекистон, 86 нафари — Қозоғистон ва 139 нафари Тожикистондаги туризм корхоналари вакиллари ҳисобланади.
HCMI — Меҳмонхоналардаги углерод чиқиндиларини ўлчаш бўйича ташаббус тизимида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонда рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг умумий сони 342 нафарни ташкил этди.

Бундан ташқари, «Марказий Осиёда барқарор туризм учун модел: салоҳиятни яратиш, хабардорликни ошириш, технологияларни жорий этиш» Лойиҳаси Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондаги сайёҳлик ташкилотларига «ақлли» Shelly 3EM датчиклари/ҳисоблагичлар ва Shelly H&T каби тегишли қурилмаларни тақдим этди. Бу мамлакатларда жами 60 та «ақлли» ҳисоблагич/датчиклар ўрнатилди. Улардан 40 таси Ўзбекистонда, Қозоғистон ва Тожикистон мамлакатларининг ҳар бирида эса 10 тадан қурилма жойлаштирилди.