15:30 | 27.03.23 363

«Қувасойцемент» «Кварц»ни сотиб олди

«Кварц» АЖнинг 89,78 фоиз акцияси харид қилиниши иккала корхонага ҳам ўз бизнесини кенгайтириш имконини беради

Ойна ишлаб чиқарувчи «Кварц» АЖ Ўзбекистондаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган «Қувасойцемент» томонидан харид қилинди. «Кварц» АЖнинг 89,78 фоиз акцияси харид қилиниши иккала корхонага ҳам ўз бизнесини кенгайтириш ва кенг танлов асосидаги қурилиш маҳсулотлари, шу жумладан, цемент, шифер, газоблоклар ва ойна маҳсулотларини тақдим этиш имконини беради.

Шуниндек, бу орқали қурувчи компаниялар барчасини битта ишончли етказиб берувчидан харид қилиши мумкин.

Айни дамда «Кварц» АЖ молиявий жиҳатдан ўткир дефицит ҳолатида эканлиги маълум қилинди. Чунки амалдаги барча ресурслар қарзларни қоплаш учун сарфланмоқда. Zarafshon oyna МЧЖнинг ишга тушиши ва бозордаги маҳсулот нархининг пасайиши ортидан 2022 йилнинг иккинчи ярмида корхонанинг даромади сезиларли даражада пасайган. Бундан ташқари «Кварц» АЖнинг икки линияси талаб пасайиши ортидан фаолиятини тўхтатди. United Cement Group бошқарув кенгаши аъзоси Андреас Керн «Кварц» АЖ корхонасини жонлантиришни таклиф қилган. Шунингдек, у заводнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш учун UCG заводга жиддий сармоя киритиши, унинг муаммоларини ечиши, қарздорлик мажбуриятларини тугатиши, эскирган ускуналарни янгилаши керак, деб ҳисоблайди. Эски ускуналардан фақатгина иккита итальян ускунаси қолдирилади. Янгилардан эса автоматлаштирилган назорат (яроқсиз маҳсулотни инсон эмас, робот аниқлаштирадиган тизим) тизими ишга туширилади.

Заводда шиша идишларни ишлаб чиқарувчи янги линия пайдо бўлади. Цех тўлиғича модернизация қилинади. Унга газни 35 фоизгача иқтисод қилувчи замонавий печ ўрнатилади. Бутун линия эса 25 фоизгача электр энергиясини иқтисод қилади. Бу инновациялар UCG компаниясининг асосий мақсади ҳисобланган энергия самарадорликни ошириш ва яшил иқтисодиёт стандарти асосида амалга оширилади.

Андреас Керннинг таъкидлашича, UCG унинг таркибидаги корхоналар бозордаги кучли ўйинчилардан бўлишидан манфаатдор, шунчаки талабдан келиб чиқиб эмас, балки халқаро стандартлар асосида фаолият кўрсатишини истайди.

«Кварц» АЖ раҳбарияти роботлаштирилган техникаларни бошқариш учун зарур бўладиган кадрлар масаласида ёш мутахассисларни чет давлатларидаги етакчи ўқув марказларига, шу жумладан, Европа ва АҚШга жўнатишни режалаштирмоқда.