11:32 | 28.03.23 442

Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилди

Мазкур дипломатик ваколатхона фаолиятининг йўлга қўйилиши бевосита Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва Венгрия ҳукумати раҳбарининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли амалга ошган

Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, мазкур дипломатик ваколатхона фаолиятининг йўлга қўйилиши бевосита Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва Венгрия ҳукумати раҳбарининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли амалга ошган.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов, Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто, иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Над, шунингдек, кенг жамоатчилик, сиёсий, ишбилармон доиралар вакиллари, маҳаллий ОАВ ходимлари иштирок этди.

Бахтиёр Саидов ўз нутқида Ўзбекистон очиқ, прагматик, тинчликсевар ташқи сиёсат юритаётгани, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ривожланиб бораётгани, хусусан, Венгрия билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Петер Сийярто Ўзбекистон элчихонасининг очилиши икки тинчликсевар мамлакатлар ўртасидаги алоқаларда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатининг ёрқин тасдиғи эканини, элчихона фаолияти ўзаро ҳурматга асосланган икки томонлама муносабатларни ҳар жиҳатдан бойитишга хизмат қилишини таъкидлади.

Элчихона биноси Будапешт шаҳрининг марказий ҳудудида жойлашган бўлиб, у кўҳна ва замонавий архитектура талабларини мужассам этган.

Аввалроқ Ўзбекистонда Мўғулистон элчихонаси очилиши ҳақида хабар берилганди.