15:30 | 28.03.23 476

Тиббиёт ходими фаолиятига тўсқинлик қилганлар маъмурий жавобгарликка тортилади

Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилган фуқаролар БҲМнинг 7 бараваригача, мансабдор шахслар эса 10 бараваргача миқдорда жаримага тортилади ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинади

Адлия вазирлиги тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Президент томонидан имзоланган қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилгани ҳақида хабар берди.

Унга кўра, мазкур кодекс қуйидаги мазмундаги норма билан тўлдирилган:

Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш:

фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача (1,5 миллион сўмдан 2,1 миллион сўмгача), мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача (2,1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Аввалроқ Ўзбекистонда шифокорларга юклатилган вазифалардан бири олиб ташлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ССВ «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини ишга туширгани маълум қилинганди.