10:57 | 29.03.23 267

Ўзбекистонда 1 апрелдан пенсиялар, 1 майдан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг ойликлари ошади

Бу бўйича Президент фармони имзоланди

Шавкат Мирзиёев 28 март куни «Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифингда маълум қилди.

Мазкур фармонда 1 апрелдан пенсия ва нафақалар миқдори 7 фоизга, 1 майдан меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари 7 фоизга оширилиши белгиланган.

Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 347 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори 677 минг сўм, ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори (шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори) 747 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, нафақаси ошадиган фуқаролар сони 4 000 400 тани ташкил этади.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини ошириш бўйича фармонга асосан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 980 минг сўм этиб ва баъзавий ҳисоблаш миқдори эса 330 минг сўм этиб белгиланмоқда. Бу билан қарийб 2 миллион бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг ойлиги оширилмоқда. Бунга умумий 8,1 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиляпти.