Янгиланаётган Конституцияда «прописка» муаммоларига барҳам берилади
Мамлакатда паспорт назорати, «прописка» режими каби турли сунъий тўсиқлар тизимли бартараф этилади
«Прописка» деган инсон қадрига зид тизимга чек қўйилиши нафақат бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи, балки мулкдор бўлиш, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлашда муҳим ҳодиса бўлди.
Инсон ҳуқуқларини бузиб келган «прописка» муаммосини тўлиқ ва тизимли ҳал этиш учун Конституциявий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистоннинг исталган жойида яшаш, уй-жой сотиб олиш ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 32-моддаси қуйидаги таҳрирда мустаҳкамланмоқда:
«Қонуний асосларда Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.
Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга».
Эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи шахсий эркинликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Инсон касбий ва маънавий ривожланиши учун шахс эркин ҳаракатланиши зарур.
Кўпчиликда амалдаги Конституцияда мустаҳкамланган «бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи» янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида таклиф этилаётган «эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи»дан нима фарқи бор, деган савол туғилиши табиий.
Биринчидан, амалдаги Конституцияда Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқи фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кафолатланган. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар кимга мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Иккинчидан, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи «бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи»дан анча кенг бўлиб, паспорт назорати, «прописка» режими, мамлакатдан чиқиш ва унга кириш учун қатор инстанциялардан текширувлардан ўтиш ва рухсат олишдаги турли сунъий тўсиқларни тизимли бартараф этади.
Учинчидан, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи ҳамда турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи доим бирга келади ва бир-бирини тақозо қилади. Мазкур ҳуқуқ оила қуриш, касб танлаш ва мулкдор бўлиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шунингдек, бу мамлакат бўйлаб меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига хизмат қилади. Қолаверса, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ва урбанизация жараёнларининг самарали амалга ошишига муҳим омил бўлади.
Ушбу ҳуқуқнинг Конституция даражасида кафолатланиши инсоннинг шахсий эркинлигини таъминлаш ва демократик давлат қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
Бекзод Наримонов,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент