Авлиё Софиядан тортиб Таксим масжидигача: Туркия ибодатхоналари — суратларда
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Рамазон ойи муносабати билан Марказий Осиёнинг қатор давлатлари журналистлари учун «Туркияда рамазон» мавзусида пресс-тур ташкил қилди
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Рамазон ойи муносабати билан Марказий Осиёнинг қатор давлатлари журналистлари учун 28–31 март ва 1 апрель кунлари «Туркияда Рамазон» мавзусида пресс-тур ташкил қилинди. Унда Bugun.uz мухбири ҳам иштирок этди.
Тур давомида борилган илк манзил Таксим майдони ва жоме масжиди ҳамда унинг қошидаги Ҳаттотлар мактаби бўлди. Тамал тоши 2017 йилнинг 17 февралида қўйилган масжид Таксим майдонининг рамзларидан бирига айланган. Ушбу масканда бир вақтнинг ўзида 2250 киши намоз ўқиши мумкин. Унинг номи араб тилидаги «тақсимот» сўзидан олинган. Манбаларга кўра, тарихда ушбу манзилда сув йиғилиб, сўнгра тақсимланган. Шундан кейин бу ерга Таксим номи берилган. Ҳозирда масжид ва майдон шу ном билан аталади. Унинг кириш қисми, замин ва шифти 8 бурчакли Салжуқий нақшлари билан безалган.




Шундан сўнг Туркиянинг машҳур «Отлар майдони» мажмуасига ҳам борилди. Мажмуада XV асрга оид устун, Константинопол маёғи, Султон Аҳмед масжиди ва Ислом цивилизацияси музейи жойлашган. Бу мажмуа қадимда отлар учун югуриш майдони бўлган. Манбаларга кўра, отларнинг чопишини айнан император томоша қилган. Майдонга алоҳида кўрк бағишлаб турган Султон Аҳмед масжиди эса қурилишида кўк ва оқ кошин кўп миқдорда фойдаланилгани туфайли Ғарбда Мовий масжид деб ҳам эътироф этилади. Масжид 1609–1616 йиллар оралиғида Султон Aҳмад I томонидан меъмор Седефкар Меҳмед оғага қурдирилган. У Туркиянинг олти минорали биринчи масжиди ҳисобланади. Ушбу тарихий-меъморий иншоотнинг қурилиши ва масжиддаги олти дона қалам шаклидаги миноранинг сири кўплаб тарих ихлосмандлари ва сайёҳларни ҳайратда қолдиради.



Ислом цивилизацияси музейида эса турли давлатлардан келтирилган экспонатлар жой олган. Музейда Емеви, Aббосий, Aртуклу, Ейюбий, Илҳанли, Темурийлар, Сафавий, Качар, Мемлук, Салжуқий ва Усмонийлар даврларининг нодир намуналари тўпланган. Музей дунёдаги энг яхши гилам коллекцияси билан машҳур. Гиламлар орасидаги дурдона асарлар XIII асрга оид нодир салжуқий гиламлари бўлиб, уларни бошқа жойларда учратиб бўлмайди. Музей ҳовлисидаги катта зал XIX аср Истанбулининг кундалик ҳаётини акс эттирувчи этнография коллекциясига бағишланган. Музейдаги муқаддас ёдгорликлар бўлимида Топкапи саройидаги каби бу соҳанинг энг муҳим асарлари келтирилган.





Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонаси — Римдаги Авлиё Пётр Базиликаси қурилишидан олдин энг катта насроний ибодатхона бўлган ва Византия меъморчилигининг машҳур ёдгорлиги ҳисобланади. 1453 йилда Византия империяси Султон Меҳмет II томонидан фатҳ этилгандан кейин у масжидга айлантирилган. Беш асрга яқин вақт давомида ибодатхона масжид бўлиб келган. 1934 йилда эса Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк Aвлиё София масжидини музейга айлантиришни буюрган. 1935 йил 1 февралда эса ташриф буюрувчилар учун очилган. 1985 йилда музей биноси UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Обиданинг гумбази ва миноралари Жаҳон ёдгорликлари жамғармаси кўмаги билан 1997–2002 йилларда реконструкция қилинган. 1996 йилда Жаҳон ёдгорликларини томоша қилиш рўйхатидан ўрин олган.




Навбатдаги манзил Зейрек масжиди бўлди. Ушбу ибодатгоҳ Авлиё Софиядан кейин Византия даврида қурилган иккинчи энг катта черковдир. Яқин вақтгача Зейрек масжиди Бутунжаҳон ёдгорликлар фондининг йўқолиб кетиш хавфи остида турган 100 та маданий ёдгорлик рўйхатида бўлган. Бироқ мажмуа Коч фонди томонидан қайта тикланмоқда.



Эюп Султон масжиди Истанбулнинг Эюп туманида Олтин Шох яқинида жойлашган. Масжид Муҳаммаднинг ҳамроҳи ва ишончли дўсти Aбу Aйюб ал-Aнсорий шарафига номланган бўлиб, у 670-йилларда Константинополни биринчи араб қамалида шу ерда вафот этган деб ишонилади. Усмонлилар султони Меҳмед II томонидан 1453 йилда Константинопол забт этилганидан атиги беш йил ўтгач, 1458 йилда бу ерда масжид мажмуаси қурилган. Маълумотларга кўра, Меҳмед II масжидни қуришга устози Aкшемседдин ал-Aйюб ал-Aнсорий дафн этилган жойда ёдгорлик масжиди қуришни орзу қилганидан кейин туртки бўлган. 1458 йилда ал-Aнсорий қабри топилганда, унинг ёнида масжид қурилган. XVIII аср бошларида Султон Aҳмад III масжиднинг икки минорасини ҳозирги кўринишида тиклаган. Бугунги кунда у зиёратгоҳ сифатида машҳур ҳисобланади. Ҳамда мажмуада исломда муқаддас саналган кабутарлар боқиш учун ҳам ҳудуд ажратилган.