Ўзбекистон қонунчилигида 1 апрелдан нималар ўзгаради?
Хусусан, пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилади
Ўзбекистон миллий қонунчилигида 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган асосий ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.
Пенсиялар ва нафақалар миқдори ошади
«Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2023 йил 1 апрелдан пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилади.
2023 йил 1 апрелдан Ўзбекистон ҳудудида:
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 347 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 677 000 сўм;
- ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 747 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 747 000 сўм;
- 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 3 296 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (677 000 сўмдан) 747 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 747 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 535 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 535 000 сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 535 000 сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 535 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 198 000 сўмдан қўшилади;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 535 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар рўйхати кенгайтирилади
«Таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори кўра, 2023 йил 1 апрелдан қуйидагилар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди:
- педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга педагог ходимлар;
- ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган муддат қолган педагог ходимлар.
Пенсия олувчилар Тошкент метрополитенидан кун давомида бепул фойдаланади
«Тошкент метрополитенидан фойдаланишда пенсия олувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 апрелдан Тошкент метрополитенининг тўлиқ фаолият кўрсатиши вақти давомида пенсия олувчиларга бепул хизмат кўрсатилади.
Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади
«Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 апрелдан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.
Аҳолига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун субсидия берилади
Республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 киловаттгача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилади.
Дастур доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1000 сўмдан субсидия ажратилади.
Автотранспортлар ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача пасайтирилади
Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
Хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилинади
Хўжалик жамиятларининг иштирокчиси (акциядори) ва кредиторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилади:
- МЧЖ устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган, қиймати БҲМнинг 10 минг бараваридан кўп бўлган пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
- юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;
- хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг акция, корпоратив облигация ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор қилинади.
Айрим тадбиркорларга мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
«Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига кўра:
- 1 йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган (6 миллион сўмгача) қисми қоплаб берилади;
- даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлар учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.
- давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда ҚҚС суммаси инобатга олинмайди;
- юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.
Айрим касалликларда ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади
Қонунчиликка кўра, ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
Кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида боғчалар ташкил этишга рухсат берилади
Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида:
- янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади.
Профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари оширилади
Қонунчиликка кўра:
- профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
- профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ижтимоий қўллаб-қувватланади
«Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига кўра:
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланади;
- ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси БҲМнинг 200 баравари миқдорида белгиланади.
Янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари учун мол-мулк солиғи пасайтирувчи коэффициентда тўланади
Тадбиркорлар янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобланган суммани қуйидаги пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди:
- 3 қаватли бинога – 0,9;
- 4 қаватли бинога – 0,8,;
- 5 қаватли бинога – 0,7;
- 6 қаватли бинога – 0,6;
- 7 ва ундан юқори қаватли бинога – 0,5.
Бундан республиканинг шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар мустасно.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган шахслар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади
«2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 апрелдан умумий қуввати 100 киловаттгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса, 10 йил муддатга қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
- ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғини;
- қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини;
- юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини.
Айрим қишлоқ хўжалиги техникалари божхона тўловлари ва утилизация йиғимидан озод қилинади
«Аграр секторни замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари харидини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги ягона тартиби 2023 йил 1 апрелдан жорий қилинади:
- Президент қарорида назарда тутилган субсидиялар барча маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналарга татбиқ этилади;
- тегишли рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари 2025 йил 1 январгача божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинади ҳамда тадбиркорларга эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб ҚҚСни 270 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади;
- ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ЯТТларга қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатларини лизингга беришга рухсат этилади;
- 2023–2024 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаси харидини молиялаштириш учун жами 2,6 триллион сўм йўналтирилади. Бунда:
банклар томонидан лизинг ташкилотларига кредит ажратилишида гаров таъминоти сифатида лизингга бериладиган техникалар ва суғурта полиси қабул қилиниши мумкин;
халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан харидорларга қишлоқ хўжалиги техникалари лизинг маржаси йиллик 3 фоиздан ошмаган ставкада 10 йилгача бўлган муддатга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буюртмаси асосида лизингга берилади.