18:10 | 01.04.23 156

Туркиянинг Бейкўз шиша ва кристалл музейига саёҳат (фото)

Мазкур музейда журналистлар учун ташкил этилган маҳорат дарсида Bugun.uz мухбири ҳам иштирок этди

Туркияда Марказий Осиёнинг қатор давлатлари журналистлари учун пресс-тур бўлиб ўтаётгани хабар қилинганди. 30 март куни тур доирасида Чамлижа масжиди, Бейкўз шиша ва кристалл музейи ҳамда унинг қошидаги ҳунармандчилик марказига борилди. Бу ҳақда унда иштирок этаётган Bugun.uz мухбири хабар қилди.

Фото: Bugun.uz

Биринчи манзил Туркиядаги энг катта масжид бўлган Чамлижа (Büyük Çamlica Camii) бўлди. У Истанбулнинг Ускудар туманидаги Чамлижа тепалигида жойлашган бўлиб, тепаликдан шаҳар яққол кўринади. Масжид 2019 йилнинг 7 мартида қуриб битказилган ва 3 май куни президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан очиб берилган. Мажмуада бир вақтнинг ўзида 63 минг намозхон ибодат қилиши мумкин.

Масжид Туркияда олтита минорали учинчи масжид ҳисобланади. 72 метр баландликдаги Чамлижа масжидининг бош гумбази Истанбул шаҳрида яшовчи 72 миллатни англатади, 34 метрли гумбаз эса Истанбул шаҳрини ифодалайди (34 — шаҳарнинг автомобил рақами).

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Шунингдек, масжидда музей, 3500 та машинага мўлжалланган ер ости тўхташ жойи, санъат галереяси, кутубхона, конференция зали ва болалар боғчаси мавжуд. Санъат галереяси 3500 квадрат метрни, кутубхона эса 3000 квадрат метрни эгаллайди. Конференция зали 1071 кишига мўлжалланган ва масжидда саккизта санъат устахонаси мавжуд. 2022 йилда масжид мажмуаси таркибида янги Ислом цивилизациялари музейи очилган.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Иккинчи манзил Бейкўз шиша ва кристалл музейи ҳамда унинг қошидаги ҳунармандчилик маркази бўлди. Музей Истанбулнинг Осиё томонидаги ўрмонли ҳудудда жойлашган. Манбаларга кўра, Усмонлилар даврининг энг кўзга кўринган шиша заводи шу ҳудудда ташкил этилган. Музейнинг тарихий биноси Иброҳим Пошо томонидан қурилган.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

XIX асрда Иброҳим пошо ўзининг Бейкўздаги ерида павилонлар, қушхоналар, ҳовуз, театр ва отхоналар қуришни буюради. Барпо этилган иншоотлардан бири бўлган бино Миллий саройлар маъмурияти томонидан қайта тикланади ва музейга айлантирилади. Бейкўз шиша ва кристалл музейи турк шиша санъатининг ривожланиш босқичларини намойиш этади. Музейда турк шиша идишларидан ташқари, Усмонли саройлари учун Европада ишлаб чиқарилган ноёб санъат асарлари тўплами мавжуд. 12 та тематик бўлимда шиша санъатининг 1480 та ажойиб намунаси намойиш этилади. Бейкўз шиша ва кристалл музейининг умумий майдони тахминан 360 гектар бўлган кенг ўрмонли майдонларда жойлашган. Музейда экзотик ўсимликлар ва 117 хил дарахт экилган боғ мавжуд. Халқ тили билан айтганда, бу музей бир вақтнинг ўзида ботаника музейи ҳамдир.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Музей таркибида шишадан турли сувинерлар тайёрланадиган анъанавий хунармандчилик маркази ҳам фаолият юритади. Устахона 40 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, ҳозирги хунармандлар 3-авлод ҳисобланади. У ерга ташриф буюрувчилар нафақат шиша буюмлар сотиб олиш, балки ясаб кўриш имкониятига ҳам эга бўлади. Тур иштирокчилари учун айнан марказ усталари томонидан мастер-класс ўтказилиб, журналистлар шишадан турли тақинчоқлар ясади.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz