14:49 | 01.04.23 211

Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан бир неча бор жинсий алоқа қилган амалдорларга озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Меҳрибонлик уйи раҳбари эса 5 йил озодликдан маҳрум қилинган

Ўзбекистон вилоятларидан бирида суд мажлиси бўлиб, унда маҳаллий оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари, вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғига нисбатан қўзғатилган иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Nemolchi.uz хабар берди.

Маълум қилинишича, оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги 3 нафар қиз (Азиза, Раъно ва Диля — исмлар ўзгартирилган)ни танлаб олади ва уларнинг қаршиликларига қарамай 10 ой давомида (2021 йил май — 2022 йил феврал) моддий рағбат эвазига турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келади.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи мудиранинг муаммоларини ҳал қилишда ўз ваколатларини ишга солишга ваъда бериб, 2021 йил апрель ойида унга хайрия сифатида принтер совға қилади (қурилма вилоят адлия бошқармаси балансида бўлган, ишлатилган, кейинчалик яроқсиз ҳолга келган). Бундай «хайрия» дан бир неча ҳафта ўтгач, эркак меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришни талаб қилди. Шунда мудира 17 ёшли етим қиз Раънони у билан жинсий алоқа қилишга мажбурлайди. Эркак бунинг учун Адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган хонадондан фойдаланган. Орадан бир ой ўтиб, 2021 йил июн ойида у яна мудирадан қиз талаб қилиб, 15 ёшли Азиза билан ҳам шу хонадонда ётиб чиқади. Кейинчалик ўша квартирага 16 ёшли мактаб ўқувчиси Диля исмли қиз ҳам олиб келиниб, у ҳам жинсий алоқа қилишга мажбур қилинади. Воқеалар қайта-қайта такрорланади.

Фавқулодда вазиятлар бўлимининг туман бўлими бошлиғи ҳам меҳрибонлик уйи раҳбарига унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришини айтади. Май ойи бошида ҳомийлик сифатида болалар учун диван, шкаф, ошхона столи совға қилади ва болаларга турли ширинликлар олиб келади. Бунинг эвазига 2021 йил июн ойи бошида у ҳам жинсий алоқа қилиш учун қиз талаб қилиб, меҳрибонлик уйи ётоқхонасида юқорида тилга олинган 17 ёшли Раъно билан ётиб чиқади. Июн ойининг охирида у меҳрибонлик уйи раҳбарига 200 минг сўм бериб, яна шу қиз билан ётади. Кейин эса меҳрибонлик уйига озиқ-овқат ва ичимликлар олиб келади ва бунинг эвазига 15 ёшли Азизани жинсий алоқа қилишга мажбурлайди. Қизлар у билан бир неча бор жинсий алоқа қилишга мажбур бўлади ва учрашувлар болалар уйининг ўзида ҳам, бошқа жойларда ҳам бўлиб ўтди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан 2022 йилнинг сентябр ойида биринчи инстанция суди меҳрибонлик уйи мудирасини Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди, 167-моддаси 2-қисми «г» банди ва 209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Суд унга 5 (беш) йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва фавқулодда вазиятлар бўйича туман бошқарма бошлиғи Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 1281-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Уларнинг ҳар иккисига 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди: бу вақт давомида уларга соат 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш тақиқланади, шунингдек, пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартириши ва яшаш тумани чегараларини тарк этиш тақиқланади.

2022 йилнинг декабрь ойида апеллация инстанцияси суди суд қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

«Gazeta.uz»нинг маълум қилишича, гап Хоразм вилояти адлия бошқармаси ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими мутасаддилари ҳақида кетмоқда.

Олий суд сайти хабарига кўра, Жиноят кодексининг кўрсатилган моддалари билан иш 2022 йил сентябр ойи бошида Жиноят ишлари бўйича Хива туман суди судяси Дилмурод Отамуратов томонидан кўриб чиқилган. Иш бўйича айбланувчилар болалар уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов ва Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машариповлар эди.

Адлия вазирилиги матбуот котибининг ушбу ҳолатга муносабат билдиришича, вазирлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг мазкур жиноий ҳаракати вазирликка маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.

Қонунчиликка кўра, судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас.